22:55 / 10.07.2021
30888

Воқеа-ҳодисалар ҳақидаги янгиликлар қандай қилиб диний материал бўлиши мумкин? Дилшод Эшнаев жавоби

Исроилдаги заводда портлаш бўлгани, Туркия ва Россия муносабатлари совуқлашгани, Башар Асад яна Сурия президентлигига номзодини қўйгани каби янгиликлар Дин ишлари бўйича қўмита томонидан диний материал деб топилган; натижада ОАВ бу материалларни экспертизадан ўтказмай тарқатгани учун жаримага тортилган эди. Қўмита раиси ўринбосари шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

Дилшод Эшнаев

21 июнь куни Kun.uz ва Azon.uz сайтлари диний материалларни диншунослик экспертизасидан ўтказмасдан тарқатишда айбланиб, жаримага тортилган эди.

Жаримага сабаб бўлган материаллар орасида, хусусан, қуйидагилар ҳам бор:

– “Янги Зеландия полицияси ҳижоб услубидаги формани таништирди” сарлавҳали хабар (Kun.uz);
– “Исроил ракета технологиялари заводида портлаш содир бўлди” сарлавҳали хабар (Azon.uz);
– “Туркия ва Россиянинг муносабатлари ёмонлашди” сарлавҳали хабар (Azon.uz);
– “Сурия ҳукумати кимёвий қуроллар қўллагани боис чекловга учради” сарлавҳали хабар (Azon.uz);
– “Чад: ўлдирилган президентнинг ўрнини ўғли эгаллади” сарлавҳали хабар (Azon.uz);
– “Башар Асад яна президент бўлмоқчи” сарлавҳали хабар (Azon.uz).

Kun.uz мухбири юқорида рўйхати келтирилган ва икки сайт жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган хабар-янгиликларнинг ҳаммасида ҳам диний мазмун йўқлиги ҳақидаги савол билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаевга юзланди.

“Сиз айтиб ўтган янгилик-мақолалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу диншунослик экспертизаси томонидан диний мазмундаги материал сифатида тан олинган.

Агарда диний мазмундаги материал сифатида тан олинмаса, бу материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилиши шарт эмас, деган хулоса берилади. Бизда бунақа мурожаатлар жуда кўп бўлади, китоблар келади, бошқалар келади, агар улар диний мазмундаги материал бўлмаса, демак, бу материал диний мазмундаги материал ҳисобланмайди, деган хулоса берилади.

Бу цензура эмас. Цензура – умуман чеклаб қўйиш. Экспертиза ўтказишдан мақсад – ихтилофлар келиб чиқишининг олдини олиш. Агар муайян бир масалалар бўлса, муносабат билдирилади; агар хулосадан норозилик бўладиган бўлса, ҳамма бу бўйича ўз эътирозини билдириш ҳуқуқига эга”, – дея жавоб берди Дилшод Эшнаев 10 июл кунги матбуот анжуманида.

Маълумот учун, ҳукумат тасдиқлаган низомга кўра, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси асосидагина рухсат этилади.

Низомда “диний мазмундаги материал” тушунчасига қуйидагича таъриф берилган:

Диний мазмундаги материал – дунёдаги турли динларнинг асослари, тарихи, мафкураси, таълимоти ва шарҳлари ҳамда маросимларини ўтказиш амалиётини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар ва бошқа босма нашрлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзмалари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар), ахборот ташувчи электрон жисмлар (дискетлар, CD, DVD дисклари, интернет тармоғида жойлаштирилган материаллар ва шу кабилар).

Top