10:16 / 11.07.2021
10094

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси ҳамроҳлигида журналист ва блогерлар GTL заводидаги қурилиш-монтаж ишлари билан танишди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари, журналист ва блогерлар Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қурилиш ишлари давом эттирилаётган “GTL Uzbekneftegaz” заводида бўлдилар.

Депутат Расул Кушербаев, журналист Хуршид Далиев, Баҳодир Аҳмедов, блогерлар – Нурбек Алимов, Отабек Ортиқов, Умид Каримов заводда бугунги кунда амалга оширилаётган қурилиш ишларининг сўнгги босқичи билан яқиндан танишдилар.

Бошқарув раиси ташриф буюрганларга қурилиш ва монтаж ишлари ҳолати, “Uzbekneftegaz GTL” заводида машъала қурилмаси ишга туширилгани борасидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.

“Ишчи гуруҳ” аъзолари, журналист ва блогерлар заводда амалга оширилаётган қурилиш жараёнини кўздан кечириш мақсадида, қурилиш майдонида бўлиб, амалга оширилаётган ишларнинг гувоҳига айланишди.

Шундан сўнг, “Uzbekneftegaz GTL” заводининг лабораториясида 100 дан ортиқ замонавий юқори технологияли ускуналар ва унинг ишлаш тизими бўйича завод директори Фахриддин Абдурасулов тушунчалар берди.

Ушбу ускуналар олинган натижаларнинг аниқлигини ошириш, инсон омилини бартараф этиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш имконини бериши, лабораторияда кунига жами 4 000 гача таҳлил бажариш мумкинлиги бўйича батафсил ахборот берилди.

“GTL” заводи лабораториясининг ўзига хослиги турли хил қўллаш сегментлари, жумладан, газни қайта ишлаш, газ кимёси, шунингдек, нефтни қайта ишлаш ва нефть кимёси учун кўплаб тадқиқот усулларини қўллашдан иборат.

Бошқарув раиси лабораторияда иш фаолиятини давом эттираётган ёш мутахассислар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг инглиз тили ва технологиялар бўйича билимларини синовдан ўтказди.

Суҳбат асносида уларнинг технологияларни ишлатиши, ҳар бир ҳаракатни бажариш ҳолатлари ўрганилди.

Ёш мутахассислар ўз навбатида, лаборатория ходимлари замонавий синов усуллари, жумладан, “ASTM International” халқаро стандартларига мувофиқ синовларни ўтказиш усулларини ўзлаштирганликларини маълум қилишди.

Бошқарув раиси ҳозирги кунда “GTL” заводи Марказий лабораториясининг миллий ва халқаро аккредитациясига тайёргарлик ишлари фаол олиб борилаётганини маълум қилди.

Ташриф давомида инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишларини якунлаш ҳолати, ташқи инфратузилма объектлари қурилишининг олиб борилиши, шунингдек, “Uzbekneftegaz GTL” корхонасининг ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларининг амалга оширилиш жараёнлари ўрганилди.

Бугунги кунга келиб, корхонанинг қурилиш майдонида асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишлари босқичма-босқич фаол суръатларда олиб борилмоқда.

Ушбу йирик лойиҳа ўзининг якуний босқичига етиб келди. Умумий ишлар кўламининг 96 фоиздан ортиғи бажарилди. Заводнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ободонлаштириш ишлари фаол суръатларда амалга оширилмоқда.

Ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажаришда ҳозирги кунда 500 дан зиёд техника жалб этилган бўлиб, қурилиш майдонида 9 мингдан ортиқ киши меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

Шунингдек, заводнинг маъмурий биноси қурилиш ишларининг бориши ўрганилди ва бу ерда ишчи-ходимларнинг ишлашлари учун замонавий технологиялар ўрнатилиши ва шунга қараб қурилиш давом эттирилиши кераклиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, “Uzbekneftegaz GTL” заводи 2021 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб юқори сифатли синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариши, импорт ўрнини босиш мақсадида, Республикамизнинг ички бозорига ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ташқи бозорларга етказиб беришни бошлаши кўзда тутилган.

Завод ишга тушиши билан, бошқа маҳсулотлар қаторида синтетик керосин маҳсулоти ишлаб чиқарилиши бошланади. Ҳозирги кунда ушбу ёқилғи нефть хомашёси негизида олинган “Жет А-1” авиакеросини билан 50 фоизгача бўлган пропорциядаги аралашмаси фуқаролик авиациясида қўлланилишига рухсат берилган.

“Uzbekneftegaz GTL” заводи ишга тушгач, йилига 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 437 минг тонна нефть, кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилишига эришилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ

Матбуот хизмати Ⓣ

Top