18:41 / 14.07.2021
54971

Ўзбекистон чорвачилиги хавф остида: Яйловсиз қолган одамлар чорвасини ёппасига сотишга мажбур бўлмоқда

Доимий қурғоқчилик ва яйлов ерларининг кескин ўзлаштириб борилиши оқибатида бугун Ўзбекистон чорвачилиги жиддий хавф остида қолмоқда.

Мамлакатдаги 94-95 фоиз чорвани етиштириб берувчи аҳоли вакилларининг кўпчилигида чорва боқишга жой, едириш учун озуқа йўқ.

Шу сабабли, одамлар бугун мол, қўйларини бозорда анча арзон нархда, асосан, қассобларга сотишга мажбур бўлмоқда.

Мутахассисларга кўра, аҳвол шу даражада давом этиб, шошилинч чоралар кўрилмас экан, мамлакатни жуда оғир оқибатлар: чорва сонининг камайиб кетиши, гўшт ва сут маҳсулотлари нархининг эса кескин ошиши кутади.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон чорвачилиги тушиб қолган бугунги оғир аҳвол, унинг сабаблари ва кўрилиши керак бўлган шошилинч чоралар юзасидан қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов билан интервью уюштирди.

— Бугун Ўзбекистон чорвачилиги тўқнаш келган мана шу оғир вазиятнинг сабаблари ҳақида гаплашсак. Нима учун биз бугун бу ҳолатга тушиб қолдик?

— Бизда ҳақиқатан ҳам яйлов-чўл минтақаларидаги ўсимликларнинг сони, айниқса, озуқавий қиймати юқори бўлган ўсимликларнинг камайиб бораётгани сезилмоқда.

Бу жуда кўп омиллар таъсирида юзага келаётган воқелик, деб ҳисоблайман. Аслида, яйлов ерларининг ҳосилдорлиги унча юқори бўлмайди, яхши бўлган йиллари гектаридан 3-4 центнергача ҳосил олиш мумкин, холос. Бу йилги каби ёғингарчилик кам йилларда бундан-да камайиб кетиши турган гап.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг яйлов-чўл минтақасида 23 млн. қўй-эчки боқиляпти. Майдонимиз эса 21 млн. гектарга етади. Бунда Қизилқум, Қарноқчўл, Қорақум каби жуда катта массивларни назарда тутяпман. Мана шу майдонларнинг маҳсулдорлиги пасайиши охирги йилларда жуда кучайиб кетди. Бунга сабаб эса яйловлар деградацияга учради. Қўполроқ қилиб айтганда, таназзулга учрай бошлади. Бунинг биринчи белгиси чўлланиш жараёни кучайганида кўринади. Мисол учун, аввал Қарноқчўлда 85 турдаги ўсимлик учраган бўлса, бугунги кунга келиб, 4-5 хил турдаги ўсимликни учрата оласиз, холос. Устига-устак бу ўсимликларнинг аксари жониворлар озуқаси учун ярамайди, чорва еса заҳарланади. Ҳолат шу даражага келиб қолган экан, яйловларда озуқавий ўсимликларни кўпайтириш масаласи долзарб бўлиб қолади. Шунинг учун биринчи йўналишда озуқавий қиймати юқори ва ҳосилбоп ўсимлик уруғларини кўпайтириш ва яйловларга экиш керак ва шу орқали яйлов ҳосилдорлигини ошириш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов

Умуман олганда, яйловларни яхшилашнинг икки йўли мавжуд: юза яхшилаш ва тубдан яхшилаш. Юза яхшилашда тупроқ юзасидаги тошлар терилади, айрим ўсимликлар сони кўпайтирилади. Тубдан яхшилашда эса чим бузилиб, ер ағдарилиб, бошқатдан экилади ва бу усулда ҳосилдорлик анча ошади. Афсуски, кўп йиллардан бери жуда катта майдонларда, яйловларда мана шундай агротехник тадбирлар ўтказилгани йўқ.

— Сиз айтаётган изланиш ва керакли тадбирлар ўтказилмаётганига сабаб нима: олимлар керакли таклифларни бера олмаётганими ёки берилган таклифлар ҳукумат томонидан инобатга олинмаётганими?

— Яйлов ерлари ҳосилдорлигини ошириш бўйича илмий ишлар қилинмаяпти, деб айта олмайман, тўғри, Қоракўлчилик, Чўл экологияси илмий тадқиқот институти олимлари бу борада иш олиб боряпти, лекин бу тадқиқотлар жуда катта майдонларда жорий қилинмаяпти. Қолаверса, илмий жамоатчилик олдида ноқулай об-ҳаво шароитига чидамли, шўрга чидамли, ҳосилдор экин навларини яратиш вазифаси ҳам турибди. Бошқа томондан чўл яйловларини яхшилаш қум бўронлари, шамол натижасида шўр тузларнинг бошқа жойларга тарқалиши, экология бузилишининг олдини оладиган муҳим тадбир ҳам ҳисобланади. Аксинча, бунга бепарволик ўта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

394XvUcyHBOc-Nfpzim4UvSwdlSYE3gD.jpg (1080×745)

Давлат томонидан шу йўналишда тадқиқот олиб борадиган олимлар учун грантлар ажратилиши керак. Шунда олимларда якунланган илмий тадқиқотларини амалиётга жорий қилиш, янги яратилган навлар, озуқабоп экинларни катта майдонларда экиш ва чорва ҳайвонлари учун фойдасини тажрибада билиш имконияти яратилган бўларди. Ҳозир бу жуда ғариб соҳага айланиб қолган, шунинг учун етарлича шуғулланилмаяпти. Яйлов етишмаслиги ҳақида гапирилади, сабаби, юқорида таъкидлаганимдек, яйловда озуқавий экинлар йўқ. Авваллари бир марта ҳайдаб ўтган ерларда қўй-эчкилар қорни тўйган бўлса, ҳозир кун бўйи ҳайдаб юрса ҳам қорни тўймаяпти.

— Ер бошқаруви фермерлик тизимига ўтгач, яйлов ерлари фермерларга бериб юборила бошланди. Фермерлар эса бу яйловларга одамларнинг чорваси юришига рухсат бермай қўйган. Қолаверса, яйловлар экин экиш учун бузилаётгани ҳам табиий баланс бузилишига сабаб бўлмаяптими?

— Муаммо жуда долзарб, бир томондан яйловлар фермерларга бўлиб бериляпти, бошқа томондан биз айтяпмизки, ҳосилдорликни ошириш учун агротехник тадбирлар ўтказилиши керак. Яйловларни фермер ёки кластерларга бераётганда уларга ўша ернинг ўсимлик қопламини ўстириш, чўлланишга қарши курашиш, янги озуқа экинларини экиш, уларнинг тури ва сонини кўпайтириш бўйича шарт қўйилиши керак. Борди-ю, аввалгидай яйловга эътиборсиз бўлиб фойдаланишда давом этса, бори ҳам йўқ бўлади. Бундан ташқари биз катта-катта сурувга эга фермерларнигина эмас, қўлида 10-15 бош қўй-эчкиси, 4-5 бош қорамоли бўлган аҳолини ҳам ўйлашимиз керак. Ҳозир республикада 13 млндан ортиқ қорамол мавжуд. Уларга даладан ўриб келган беда, сотиб оладиган сомонидан ташқари, яйловлар барпо этиш масаласи ҳам турибди. Республикадаги чорванинг озуқага бўлган эҳтиёжи 120 млн. тоннани ташкил қилади. Бу озуқа бирлиги ҳисобида ўлчаганда. Энди шунинг 60-65 фоизини хориждан валютага сотиб оламиз. Келажакда арзон гўшт, сут, колбаса маҳсулотларига эга бўлишни истасак, яйловларни жойига қўйиб қўйишимиз керак. Биринчи навбатда озуқани ўзимизда етиштиришга эътибор бериш лозим. Қачонгача хориждан ем сотиб олиб, арзон гўштни орзу қиламиз.

Шунингдек, суғориладиган ерлардан чорва учун озуқа етиштиришга эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бир гектардан камида 10-20 минг озуқа бирлиги миқдорида маҳсулот берадиган жуда сермаҳсул экинлар мавжуд. Уларнинг янги навларини яратиб, ишлаб чиқаришга жорий қилиш, фермерларга уларни таништириш ва шундан кейин таннархни пасайтиришнинг иккинчи жараёнига ўтиш мумкин. Чорвачиликда таннархни пасайтиришда зот катта аҳамиятга эга. Кейин чорванинг озуқа рационини тузиш, соғлиғини сақлаш профилактикаси ва бошқалар туради. Маҳсулдорликни оширишда юқорида саналган омиллар бир томон бўлса, озуқа етиштиришнинг ўзи бир томон бўлади, яъни чорва учун озуқа етиштириш 60 фоизни ташкил қилади. Бундан келиб чиқадики, ишни озуқа етиштиришдан бошлаш керак. АҚШ ёки ривожланган Европа мамлакатларига эътибор берилса, айнан озуқа бирлиги юқорилиги сабабли чорвачиликда юқори кўрсаткичларга эришишга олиб келган. Озуқа базаси мустаҳкамлиги шу даражада муҳим. Бизда ер жуда кўп эмас, лекин ундан унумли фойдаланиш, қолаверса, қайта иккиламчи ишлов бериш натижасида маҳсулотнинг озуқавий қийматини икки баробарга ошириш ҳам мумкин. Масалан, беданинг бир кг пичани озуқавий бирлиги 48га тенг бўлса, уни витаминли ўт унига айлантирилганда икки баробарга кўпайиши мумкин. Бу оддийгина қайта ишлаш йўли билан эришилган натижа.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Жаҳонгир Алибоев.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

 

Интервьюни ёзиб олишда яқиндан ҳамкорлиги учун Самарқанд шаҳридаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки раҳбариятига миннатдорчилик билдирамиз.

Top