Ўзбекистон | 20:12 / 29.01.2024
5887
2 дақиқада ўқилади

Чорвачилик хўжаликларига наслдор қорамол ва қўй, эчкилар учун субсидия ажратилади 

Давлат томонидан хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига субсидия ажратилади. 

Ҳукумат қарори билан «Чорвачилик хўжаликларига хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкилар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. 

Низомга кўра, чорвачилик хўжаликларига 2025 йил 31 декабргача давлат томонидан хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 млн сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорда субсидия ажратилади. 

Субсидия олувчи хорижий давлатдан наслдор қорамолни олиб келгандан сўнг туман комиссиясига субсидия олиш учун «Агросубсидия» АТ орқали мурожаат қилади. 

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қиланади:

- хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкининг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

- хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкини сотиб олиш бўйича тузилган олди-сотди шартномаси ва тўлов топшириқномаси нусхаси;

- божхона юк декларацияси нусхаси;

- хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкиларнинг электрон идентификация базага киритилганлиги. 

Субсидия олувчининг аризасини кўриб чиқиш учун тўлов ундирилмайди. 

Субсидия маблағи субсидия олувчининг тижорат банкидаги асосий ҳисобварағига ўтказиб берилади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид