Майами мэри Кубага зарбалар беришни таклиф қилди
АҚШнинг Майами шаҳри мэри Фрэнсис Суарес АҚШ маъмурияти ҳозирда оммавий норозиликлар юз бераётган Кубага у ердаги ҳокимиятни ағдариш учун ҳаво зарбалари бериш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. У бу ҳақда Fox News телеканали эфирида айтиб ўтди.
Унинг фикрича, Вашингтон Ҳаванага босим ўтказишнинг ушбу йўлини ўрганиб чиқиши лозим.
Шунингдек, Суареснинг таъкидлашича, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти “Кубада ҳарбий ҳаракатлар” амалга ошириш учун “коалиция ташкил этиш” имкониятини ўрганиб чиқиши керак. У бундай “ҳарбий интервенцияларга” мисол сифатида 2011 йилда АҚШ махсус хизматлари томонидан Покистон шимолида “Ал-Қоида” етакчиси Усома бин Лодинни йўқ қилиш бўйича ўтказилган амалиётни ҳамда Югославиянинг НАТО кучлари томонидан бомбардимон қилинишини келтириб ўтган. Унинг айтишича, ушбу ҳаракатлар “гуманитар масалаларни ҳал қилиш учун” зарур бўлган.
Бошловчи Майами мэридан “Сиз Кубани бомбардимон қилишни таклиф қиляпсизми?” деган аниқлаштирувчи саволига “ушбу вариантни шунчаки рад этмай, уни ўрганиб чиқиш кераклигини таклиф қилаётганини” айтган.
Кейинроқ Суарес Кубага авиазарбалар беришга чақирмагани, фақатгина мисол келтириб ўтганини айтган. У бу ҳақда MSNBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
“Мен аниқ бир стратегияни тарғиб қилмоқчимасман, мен ҳарбий эксперт, армия аъзоси эмасман. Бундай қарорларни ҳарбийларимиз қабул қилади”, деб айтган Майами мэри.
У АҚШнинг аввалги президентлари маъмурияти бошқа давлатлардаги вазиятга аралашган ҳолатлар бўлганини эслатиб ўтган.
Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки АҚШ Кубада бўлаётган охирги воқеалар ортида Ҳаванага нисбатан сиёсатини ўзгартиришига тўғри келишини айтган.
Ҳозирда Кубанинг кўплаб шаҳарларида, жумладан, пойтахт Ҳаванада ҳукуматга қарши 1990-йиллардан бери энг йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Маҳаллий аҳоли озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги ва нарх-наво ошишига, электр таъминотидаги узилишларга, тиббий воситалар етишмаслигига қарши норозилик билдирмоқда. Ушбу норозиликлар мамлакатдаги иқтисодий инқироз ва коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпаяётгани ортида ўтмоқда. Кубадаги иқтисодий ҳолатнинг ёмонлашувига кўп жиҳатдан АҚШ санкциялари ўз таъсирини ўтказмоқда.