13:34 / 23.07.2021
96171

Ғўслик аёллар ҳақорат қилингани учун Ургут туман ҳокимлиги олдида юзлаб одам йиғилди

23 июль куни Ургут тумани ҳокимлиги биноси олдига юзлаб одам йиғилган.

Самарқанд вилояти Ургут шаҳрида истиқомат қилиб келган Ш.Ш. исмли шахс телеграмдаги гуруҳда қолдирган видеохабарида ғўсликларнинг шаънига тегадиган гаплар билан ҳақорат қилиши катта можарога сабаб бўлди.

Воқеа гувоҳларининг Kun.uz’га хабар беришича, шундан сўнг Ш.Ш.нинг уйига Ғўс маҳалласида яшовчи юзлаб одамлар йиғилиб келган ва «самосуд» қилмоқчи бўлишган. Аммо ўзларини ҳақоратлаган шахсни уйидан топа олишмаган.

Ш.Ш.ни излаб борган ва йиғилган одамларни тарқатишга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари жалб этилган.

Таҳририят ихтиёрига келиб тушган видеоларда Ургутдаги озиқ-овқат дўкони олдига йиғилган юзлаб одамлар тартибга чақирилаётгани акс этган. Шунингдек, Ш.Ш.нинг ғўсликлар шаънига қарата айтган қўпол сўзлари, ўша вақтда у маст ҳолатда бўлгани, кейинчалик кечирим сўрагани акс этган мурожаати ҳам бор.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

«Жорий йилнинг 21 июль куни Ургут тумани «Дўстлик» маҳалласида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро Ш.Ш. Telegram ижтимоий тармоғидаги гуруҳда гуруҳ аъзоларини ҳақоратлаган видеомурожаатини жойлаштириб, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаган.

Ҳақоратли видеони кўрган гуруҳдаги айрим фуқаролар Ш.Ш. кечирим сўрашини талаб қилиб, унинг яшаш хонадонига боришган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Ш.Ш.га нисбатан «қамоқ» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ш.Ш.нинг яшаш манзилига келиб, жанжал кўтарган барча фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилган. Жамоат тартибини бузган ҳар бир фуқаронинг ҳаракатларига ҳам қонуний тартибда баҳо берилади.

Шу ўринда ўзбошимчалик билан, қонунда белгиланмаган тартибда бошқа бир фуқарони «самосуд» қилиш ёки шу каби ҳаракатларга уриниш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз», дейилади вилоят ИИБ хабарида.

Top