14:16 / 24.07.2021
10926

Тошкент конференциясидан реал натижалар кутиш ўринлими? Фурқат Сиддиқов билан суҳбат

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик позициясида қатъий қолишини таъкидлади.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

15-16 июль кунлари Тошкентда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Kun.uz Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқовга ушбу халқаро анжуманнинг аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар борасида саволлар билан мурожаат қилди.

- Маълум сабабларга кўра ажралиб қолган Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлигини жонлантириш бўйича халқаро анжуманлар аввал ҳам ўтказилганми? Тошкент конференциясининг улардан фарқлари нималарда бўлди?

- Бугун дунёда глобал геосиёсий трансформациялар даври ҳукм сурмоқда. Бу эса турли таҳдидлар билан бир қаторда улкан имкониятлар ҳам тақдим этмоқда. Бу жараёнларда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги фаол ҳамкорлик алоқаларининг қайта тикланиши объектив жараёнга айланмоқда.

Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда 15-16 июль кунлари ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги юқори даражадаги конференция минтақамиз ҳаётидаги ва халқаро кўламдаги муҳим воқеа бўлди.

Шакл ва мазмун моҳияти жиҳатидан биринчи марта ташкил этилган мазкур анжуманда Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Покистон бош вазири Имрон Хон, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ҳамда бошқа қатор мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, 44 давлат ва 30га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этгани ҳам форум аҳамияти нақадар долзарб эканини ифодалайди.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратишни истардим. Саудия Арабистони, Кувайт, Бангладеш ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг Тошкент халқаро конференциясидаги иштироки ислом дунёси янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига катта қизиқиш билан муносабатда бўлаётгани, давлатимиз раҳбарининг халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлаётгани ифодасидир.

Маълумки, Марказий ва Жанубий Осиё тарихан бир бири билан ижтимоий-иқтисодий ва маданий-цивилизацион ўлчовлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган минтақалардир. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу икки улкан ҳудуд асрлар давомида халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги фаол мулоқотга салмоқли ҳисса қўшган. Афсуски, ХIХ асрда тарихий воқеалар туфайли икки қўшни минтақанинг ўзаро алоқаларига путур етган.

Ўзбекистон президенти конференциянинг очилиш маросимида таъкидлаганидек, икки минтақа халқларининг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси ҳамда иқтисодиётларимизнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд интеллектуал салоҳиятни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ўзаро мувофиқлаштириш вақти келди.

Давлатимиз раҳбари «Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этишимиз учун мустаҳкам замин яратиши»ни қайд этди.

Икки минтақа ҳамкорлигини жонлантириш бўйича халқаро анжуманларни ўтказиш масаласига келсак, ўз мазмун-моҳияти ва халқаро аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда Тошкент форуми минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди, дейишга тўлиқ асосимиз бор.

Анжуманнинг миқёси ниҳоятда кенг ва юқори даражада бўлди. Унда Афғонистон ва Покистон етакчилари иштирок этгани, кўплаб давлатлар, жумладан, икки минтақа мамлакатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари фаол қатнашгани, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан истиқболли фикрлар билдирилгани ҳам бундан далолат бериб турибди.

Шу ўринда мен Покистон бош вазири Имрон Хоннинг расмий ташрифи якунларига ҳам эътибор қаратмоқчиман. Зеро, мазкур сиёсий воқеа давлатимиз раҳбарининг минтақалараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича ташаббуси нақадар долзарб эканини кўрсатиб турибди.

Музокаралар якунида президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Транзит ва савдо, ишбилармон доиралар вакиллари ва сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартибларини соддалаштириш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар имзоланди. Шунингдек, Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида протокол, 2021-2026 йилларга мўлжалланган Маданий алмашув дастури, туризм масалалари бўйича англашув меморандуми, давлат чегарасидан олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида баённома, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Покистон дипломатик хизмат академияси ўртасида англашув меморандуми, Ўзбекистон – Покистон ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисида битим тасдиқланди.

Эътиборлиси, ташриф доирасида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия мажлиси ҳамда Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида қиймати 500 миллион доллардан зиёд шартномалар имзолангани маълум қилинди.

Буларнинг барчаси икки минтақа давлатлари ва халқлари ўртасидаги замонавий муносабатлар янги мазмун касб этаётганидан далолат бермоқда.

- Афғонистонни кутаётган келажак мавҳум эканини инобатга олсак, конференциядан реал натижалар кутиш ўринлими?

- Ҳақиқатан ҳам, Афғонистон келажаги АҚШ ва НАТО кучларининг мамлакатдан тўлиқ олиб чиқилганидан кейин ушбу мамлакатдаги вазиятнинг қай йўсинда ривожланиши билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Афғонистоннинг кейинги 20 йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ўтган давр мобайнида ушбу мамлакатда кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Эндиликда эса, мамлакат ҳаётида эришилган барча ютуқларни сақлаб қолиш ва янада ривожлантириш зарур деб, ҳисоблаймиз.

Бугунги мураккаб вазиятда дунё ҳамжамиятининг асосий диққати ички афғон кучлари ўртасида тинчлик музокараларининг муваффақиятли давом этиши ва имкон қадар қисқа муддатларда ўзаро келишувга эришиш зарурлигига қаратилган.

Музокаралар ўзаро курашаётган томонлар ўртасида ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва умуммиллий тинчлик шартномасини имзолашга ёрдам беради дея, умид билдирамиз. Афғон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал этиш имкони йўқ, буни тарихнинг ўзи исботлаб берди.

Мамлакатимиз раҳбарияти Афғонистондаги инқирозли вазиятни фақат тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш, мамлакатдаги барча сиёсий партиялар ва кучларни ўз халқининг келажаги учун бирлаштириш, афғонлараро тинчлик жараёнига барча ички сиёсий гуруҳларни жалб қилиш лозимлигига алоҳида урғу бермоқда. 

Биз, ушбу давлатда тинчлик ўрнатилиши учун лозим бўлган асосий тамойилга содиқ қоламиз, яъни мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатиш учун зарур бўлган сиёсий жараёнлар фақат афғонларнинг ўзлари томонидан ва Афғонистон халқи раҳбарлигида, яъни «Afghan own, afghan led» шиори остида амалга оширилиши зарур.

Шу маънода, Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция Афғонистонда узил-кесил тинчликни қарор топтиришга йўналтирилган навбатдаги муҳим қадам бўлди десак, хато қилмаган бўламиз.

Чунки анжуманда Афғонистон ва Покистон раҳбарияти, қатор давлатлар ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, шунингдек, халқаро молия институтлари, нуфузли банклар бошқарув ҳайъати аъзолари, дунёнинг етакчи тадқиқот ва таҳлилий марказларининг вакиллари сўзга чиқиб, Афғонистондаги вазият ва унинг ечимини топиш бўйича қимматли фикрларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари халқаро конференциядаги нутқида Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини амалда таъминлашнинг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланишига алоҳида эътибор қаратиб, икки минтақа ўртасидаги шериклик ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, унинг иқтисодий тикланиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Афғон заминида барқарор тинчлик ўрнатиш бўйича минтақа доирасида ва халқаро майдонда ягона ёндашувни шакллантириш, Афғонистоннинг жуғрофий жойлашувини унинг ижтимоий-иқтисодий юксалишига хизмат қилувчи омилга айлантириш, минтақада ўзаро ишонч муҳитини тиклаш, транспорт-транзит салоҳиятини юксалтириш ҳамда муштарак инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш конференциянинг асосий мақсадларидан бири бўлди.

Мазкур анжуман давлатимиз раҳбари томонидан афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш, унинг миллий иқтисодиётини тиклаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.

Конференцияда Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор бўлган барча давлатлар вакиллари учун ўзаро мулоқотлар ўтказиш макони яратилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Тошкентда ўтказилган халқаро конференциянинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга нисбатан роли муҳим бўлганини таъкидлаш жоиздир.

- Агар Афғонистон ҳудудида ҳақиқий қуролли можаро бошланса ҳам, Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик позициясида қоладими?

- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ташқи сиёсат концепцияси ва Мудофаа доктринаси ушбу саволга аниқ ва равшан жавоб беради.

Ўзбекистон мудофаа доктринасининг 10-бандида шундай дейилган:

«Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган: ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик; Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги».

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик позициясида қатъий қолади.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Мавзу
Тошкент конференцияси
15-16 июль кунлари Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари конференцияси бўлиб ўтди.
Барчаси
Top