13:02 / 26.07.2021
3796

Бухорода коронавирус таҳлилларини сохталаштирган шифокорга жиноят иши очилди

Вобкент туманида вирусолог шифокор COVID-19 текшируви таҳлилларини сохталаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.  

Маълум қилинишича, Вобкент тумани тиббиёт бирлашмаси вирусолог шифокори Р. Ғ. COVID-19 текширувига фуқаролардан таҳлил учун намуна олмасдан ПЦР намуналари учун электрон базага сохта тиббий маълумотларни киритган.

Шифокор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбирида ушбу “хизмати” эвазига икки нафар фуқародан 300 минг сўм пул олаётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Р.Ғ.га нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Бухоро шаҳрида бемор ташхисини оғирроқ қилиб ёзиб бериш учун пул талаб қилган шифокор ушланганди.

Top