15:51 / 27.07.2021
17272

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг қудратли армияга эга давлат сифатида қолмоқда

Global Firepower таҳлилларига кўра, жорий йилдаги дунёнинг энг кучли армиялар рейтингида Ўзбекистон 140та мамлакат ичида 51-ўринни эгаллаган. Бу собиқ СССР давлатлари орасида Россия, Украина ва Беларусдан кейинги тўртинчи кўрсаткичдир.

Global Firepower таҳлилий маркази мавжуд бўлган фаол ҳарбий кучларнинг умумий миқдори бўйича жорий йилдаги дунёнинг энг кучли армиялар рейтингини тузиб чиқди.

Маълум қилинишича, рейтингни тузишда ҳарбий қудрат ва молиявий имкониятлардан тортиб моддий-техник ресурслар ва географияга доир 50 дан ортиқ индивидуал омиллар ҳисобга олинган.

Рейтингнинг илк учта ўрнини АҚШ, Россия ва Хитой эгаллаган. Шунингдек, етакчи ўнталикдан Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Франция, Буюк Британия, Бразилия ва Покистон ўрин олган.  

Ўзбекистон 2021 йилда Марказий Осиёдаги энг кучли армияга эга давлат сифатида тан олинган ва минтақа бўйича қўшни давлатлар – Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистонни бу борада ортда қолдирди.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон рейтингда 140та мамлакат ичида 51-ўринни эгаллаган. Бу собиқ СССР давлатлари орасида Россия, Украина ва Беларусдан кейинги тўртинчи кўрсаткичдир.

Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон 61-ўринда, Туркманистон 86-ўринда, Қирғизистон 93-ўринда, Тожикистон 99-ўринда қайд қилинган.

Маълумот учун, ушбу рейтингда Ўзбекистон 2019 йил натижаларига кўра, 137та ўриндан 48-ўринни, 2020 йил натижаларига кўра эса 138та ўриндан 52-ўринни эгаллаганди.

Top