15:58 / 28.07.2021
6243

Хорижий дипломларни тан олиш бўйича имтиҳонлар онлайн эфирга узатилмоқда – Таълим инспекцияси

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси маълум қилишича, хорижий дипломларни тан олиш бўйича имтиҳонлар интернет тармоғида жонли эфирга узатила бошланди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовларини интернет тармоғида онлайн эфирга узатиш бўйича imtihon.tdi.uz сайтини ишга туширди.

Эндиликда ушбу имтиҳонга қизиқиш билдирганлар сайт ва инспекциянинг YouТube’даги расмий саҳифаси орқали синов тестларини онлайн вақт режимида кузатиб боришлари мумкин.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича синовлар талабгорлар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда аввалдан эълон қилинадиган кунлари ўтказилади.

27-30 июль кунлари талабгорлар “Ҳуқуқшунослик”, “Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот”, “Иқтисодиёт”, “Қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш” ҳамда “Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар” соҳалари бўйича ўз билимларини синовдан ўтказади.

Талабгорларнинг ҳужжатлари давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади ҳамда синовлар ўтказиладиган муддат ҳақида талабгорларга хабарнома юборилади.

Тест синовлари жараёнида талабгорларга компьютерда 50 та тест топшириғи берилади ва 1 соат 40 дақиқа вақт ажратилади. Шунингдек, талабгорлар тестни якунлашлари билан ўзлари қайд этган натижаларни билиб олишлари мумкин.

Ижобий натижа қайд этганлар эса хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳномаларни тегишлилиги бўйича Давлат хизматлари марказларидан ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юклаб олишлари мумкин. 

Top