11:21 / 29.07.2021
1483

Қорақалпоғистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси салкам 405,9 млрд сўмлик тендер савдоларини ўрганиб чиқди

Қўмитанинг маълум қилишича, деярли шартномаларнинг барчасида қонунбузилиши кузатилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2021 йилнинг 1-ярим йиллик даврида жами 405,9 млрд сўмлик 430 та шартномалар бўйича танлов ва тендер савдоларини ўрганиб чиққан.

Ўрганиш натижаларига кўра, 300 та тендер савдоларида (323,8 млрд сўмлик) савдоларни ўтказиш тартибини бузиш, 4 та савдоларда (18 млрд сўмлик) иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, 29 та савдоларда (26,8 млрд сўмлик) манфаатлар тўқнашуви, 101 та ҳолатда шартнома қиймати 55,3 млрд сўмлик харидлар савдо ўтказилмасдан тўғридан-тўғри шартнома тузилганлик, 30 та ҳолатда шартнома қиймати 26,8 млрд сўмлик харидларда буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари ҳолати аниқланган.

Шунингдек, ҳисобот даврида қиймати 49,3 млрд сўмлик 175 та танлов савдолари бўйича мониторинг ишлари ўтказилган. Унга кўра, 16 та ҳолатда савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш, 77 та ҳолатда савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш, 6 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари, 2 та ҳолатда буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари аниқланган.

Қўшимча қилинишича, давлат харидларини амалга оширишда “Рақобат тўғрисида”ги қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги учун 7 та бюджет ташкилотига иш қўзғатилган.

Қўмита бюджет ташкилотлари қайси давлат идораси эканлигига аниқлик киритмаган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Қорақалпоғистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қўнғиротдаги 25 та намунавий уй аслида «намунали» бўлмай чиққанини аниқлаганди. Ўшанда уй эгалари Сенат раисигача мурожаат қилишган.

Top