15:34 / 28.10.2023
10530

Хоразмда “4 кунлик” фирма тендерда 1 млрд сўмлик лойиҳаларни қўлга киритди

16 октябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган “Pitnak Sunrise” МЧЖ 20 октябр куни Тупроққалъа туман ихтисослаштирилган мактаби томонидан тендерга қўйилган 5 та лотнинг барчасини ютди. Ушбу шубҳали тендер ортидан мактаб директорига интизомий чора қўлланилган, танлов натижалари эса бекор қилинган.

Тупроққалъа туман ихтисослаштирилган мактаби томонидан 20 октябр куни қуёш панели ўрнатиш, интерактив доска, принтер, мебел жиҳозлари харид қилиш учун танловлар ўтказилган. Тендерга қўйилган, жами суммаси 1 млрд сўмдан ортиқ 5 та лотнинг барчасини “Pitnak Sunrise” МЧЖ қўлга киритган.

Мактаб томонидан тендерга чиқарилган энг юқори суммали лот қуёш панеллари ўрнатиш билан боғлиқ. Бошланғич суммаси 700 млн сўм бўлган лотни “Pitnak Sunrise” МЧЖ ютган ва у билан 680 млн сўмга шартнома тузилиши кўзда тутилган. 

200 млн сўмлик мебел жиҳозлари етказиб бериш лотини ҳам “Pitnak Sunrise” МЧЖ қўлга киритган. Шартномаси суммаси 185 млн 650 минг сўм.  

Шунингдек, “Pitnak Sunrise” МЧЖ мактаб томонидан 172,4 млн сўм бошланғич нарх билан танловга қўйилган интерактив доска, кондиционер ва принтер етказиб бериш лотини 170 млн сўм нарх таклифи билан ютган.

“Pitnak Sunrise” МЧЖ ушбу тендерлар ўтказилишидан 4 кун аввал, 16 октябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Устав фонди 850 млн сўм бўлган фирмага 100 фоизлик улуш билан Шавкат Болтаев эгалик қилади.

МЧЖнинг фаолият тури ёритиш ускуналари ва бошқа маиший жиҳозлар чакана савдоси.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Президент ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги матбуот котиби Жўрабек Жангиров билан боғланди.

Агентлик матбот котибининг маълум қилишича, Тупроққалъа туман ихтисослаштирилган мактабининг “Pitnak Sunrise” МЧЖ билан боғлиқ юқоридаги тендер натижалари бекор қилинган. Шунингдек, ушбу шубҳали тендер учун ихтисослаштирилган мактаб директорига интизомий чора кўрилган.

Жўрабек Жангировнинг қўшимча қилишича, мактаб томонидан тендерга чиқарилган мазкур лотлар “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлган лойиҳа ҳисобланади. Унга маблағ бюджетдан ажратилиши кўзда тутилган.  

Top