18:06 / 30.07.2021
3556

Юнусобод тумани ФҲДЁ бўлимида электр энергияси таъминотидаги узилиш сабаби маълум қилинди

Юнусобод туманидаги ФҲДЁ бўлимида электр энергияси таъминотидан ўчирилгани юзасидан қайта ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” АЖ маълум қилди.

Юнусобод туманидаги ФҲДЁ бўлими ҳамда “Шодлик” никоҳ уйи Юнусобод тумани электр таъминоти корхонаси томонидан битта ҳисоб рақам орқали юритилади. Аниқланишича, Юнусобод тумани ФҲДЁ бўлими биносида 28 июль куни 1 соатга электр энергияси таъминотида узилиш кузатилган бўлиб, ушбу кун ҳолатига Юнусобод тумани ФҲДЁ бўлими ҳамда “Шодлик” никоҳ уйи томонидан истеъмол қилинган электр энергияси учун жами 1.354.314 сўм қарздорлик мавжуд бўлган. Қолган 2.700.000 сўм август ойи учун олдиндан тўлов суммаси бўлган.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 19 июль куни туман электр тармоқлари корхонаси билан тузилган шартномада қайд этилган ҳисоб рақамга юзага келиши мумкин бўлган қарздорликни олдиндан тўлаб (1 йиллик тўловни) қўйиш мақсадида автоматлашган электрон тизимга тўлов миқдори киритилган. Бироқ, электр таъминоти корхонаси томонидан тақдим этилган шартномада ҳисоб рақами типография жараёнида хато қайд этилган.

Натижада, бошқарма томонидан олдиндан тўланувчи пул миқдори тизимда ҳисоб рақам хато сифатида ғазначиликдан қайтарилган.

Бунинг оқибатида, Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тўлов ўтказиш имконияти бўлмаган ва шартномадаги мавжуд хатоликни бартараф этиш юзасидан туман электр таъминоти корхонаси билан қўшимча шартнома тузилиб, пул ўтказилиши лозим бўлган ҳисоб рақамдаги хатолик бартараф этилгандан сўнг олдиндан тўлов (шартномага асосан) йил якунига қадар ўтказилган. Туман ФҲДЁ биносида ҳам электрон ҳисоблагич ўрнатилганлиги ва ушбу қурилма биллинг тизимида ишлаши боис электр энергияси таъминотидан автоматик равишда тармоқдан ажратилган.

 
Top