11:19 / 06.08.2021
9903

Ўзбекистон Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида беш минг кишилик янги масжид қурмоқда

Туркистон вилояти ҳокимияти янги масжид лойиҳаси шахсан Ўзбекистон президенти томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдирган.

Ўзбекистон Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида беш минг кишилик янги масжид қурмоқда. Қайд этилишича, янги масжид 2022 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Туркистон вилояти ҳокимлиги масжид шаҳарга кираверишда қурилаётганини маълум қилган.

“Aрхитектураси ўзига хос бўлган ислом марказининг ички ва ташқи тарафи шарқона услубда безалмоқда. Лойиҳада дунёнинг энг яхши тажрибалари ҳисобга олинган. Масжид пойдеворини мустаҳкамлаш учун ўзига хос технология ишлаб чиқилган”, дейилади Туркистон вилояти ҳокимининг матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, масжиднинг умумий майдони 20 минг квадрат метрни ташкил этади. Янги масжид Ўзбекистон томонига қанчага тушиши ва қурилиш харажатлари қайси молиявий манбалар ҳисобидан қопланиши ҳақида тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон Туркистон шаҳрида масжид қуриши ҳақидаги илк хабар 2019 йилда пайдо бўлган. Туркистон вилояти ҳокимлигининг расмий сайтида янги иншоотнинг тамал тоши қўйилгани, унда Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари иштирок этгани маълум қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қозоқ ОАВга таяниб хабар беришича, мажмуада диний маросимларни ўтказиш биноси, конгресс зали, 180 ўринли мадраса, кутубхона, ошхона, спорт майдончалари, 50 ўринли автотураргоҳ барпо этилади.

Top