19:22 / 13.08.2021
5456

Қувурларни таъмирлашда инновациялар жорий қилиняпти, лекин пилот босқичда — “Ўзсувтаъминот”

Ўзбекистонда мавжуд 72 минг км ичимлик сув тармоқларидан 27,3 минг км (37,9 фоизи) таъмирталаб ҳолатда. Бу ҳақда 13 август куни “Ўзсувтаъминот” АЖ масъуллари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Kun.uz мухбирининг: “Эски қувурларни таъмирлашда ҳамон эски усуллардан фойдаланиляпти, яъни автомобиллар ҳаракати тўхтатилади, йўллар ковланади ва қатор ноқулайликлар билан иш бажарилади. Таъмирлашда инновацион усуллар қўлланиши ҳақида бир неча марта гапирилди. Шундай усулда таъмирланишнинг бугунги кундаги улуши қандай?” деган саволига “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров жавоб берди.

“Инновацион усуллар қўлланиляпти. Жумладан, горизонтал бурғилаш усули бор. Йўллар, темирйўллар остидан ўтган қувурларни шундай усулда таъмирлаш мумкин.

Бундан ташқари, ички цементлаш усулидан ҳам фойдаланамиз. Унда қувур турган жойидан қўзғатилмаган ҳолда ички қатлами бетон қилинади. Яқинда жуда кўп авария бўлувчи битта участкада 300 метр қувурни шундай усулда таъмирладик.

Албатта, инновацион усуллар бор, лекин улар пилот вариантда”, – деди Тоҳир Ҳайдаров.

Top