20:45 / 20.08.2021
6891

Хитой парламенти оилаларга учтагача фарзанд кўришга рухсат берди

Мамлакат аҳолиси таркибида қариялар улушининг ортиб кетаётганлиги учун ҳукумат фарзанд кўришга қўйилган чекловларни юмшатиб, ёш оилаларни қўллаб-қувватлайди.

Фото: Getty Images/Stringer

Хитойнинг Бутунхитой халқ кенгаши конгресси (парламент) доимий қўмитаси «Аҳолининг кўпайиши ва туғилишни режалаштириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритди ва хитойлик оилаларга учтагача фарзанд кўришга қонуний рухсат берди.

Қонуннинг янги таҳририда қайд этилишича, ҳукумат ёш оилаларга молиявий, солиқ, суғурта, таълим ва уй-жой имтиёзларини жорий этиш ва ёш авлоднинг туғилиши ва тарбияси, шунингдек, таълим хизматлари учун ота-оналарнинг харажатларини камайтириш мажбуриятини олади.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимият ва иш берувчилар ёш болаларни тарбиялаётган ходимларга қўшимча таътил беришни жорий этади.

Жорий йилнинг май ойида Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси оилаларга учтагача фарзандли бўлишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилганди. Июль ойида ХХР Давлат Кенгаши тегишли жарималарни бекор қилди, шунингдек, ёш оилаларни арзон уй-жой билан таъминлаш ва 3 ёшгача бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш харажатлари учун солиқ имтиёзлари масаласини кўриб чиқиш режаларини эълон қилганди.

Маълумот учун, 1970-йилларнинг ўрталаридан бошлаб ХХР туғилиш даражасини чеклаш бўйича бир оила – бир бола сиёсатини олиб борди.

Бироқ мамлакат аҳолисининг тез қариши туфайли 2008-2009 йилларда Хитой ҳукумати эр-хотинларга икки фарзандли бўлишга рухсат берди. 2016 йил 1 январдан бошлаб ХХРда барча хитой оилаларига икки фарзанд кўришга рухсат берувчи қонун кучга кирди.

2020 йил охирида ХХР аҳолиси 1,41 млрд кишини ташкил этди. 60 ёшдан ошган фуқаролар улуши эса 18,7 фоизга етди.

Хитойлик демографларнинг прогнозларига кўра, агар ҳозирги тенденция ўзгармаса, 2050 йилга келиб Хитойда 60 ёшдан ошган 487 миллионга яқин одам бўлади. Бошқача айтганда, қариялар 1,4 млрд аҳолининг 35 фоизини ташкил қилади.

Top