12:33 / 24.08.2021
18498

Вазирликлар ва маҳаллий ҳокимиятлар матбуот котибларининг рейтинги эълон қилинди

Республика даражасидаги 139 нафар матбуот котибидан 29 нафарининг иш натижалари юқори, 74 нафариники ўрта, 23 нафариники қониқарли, 13 нафарининг фаолияти паст даражада, дея баҳоланди. ССВ матбуот котиби Фурқат Санаев рейтингда вазирликлар орасида энг юқори ўринни эгаллади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан республика даражасидаги 139та ташкилот ва идоралар ҳамда 206та туман ва шаҳар ҳокимликлари матбуот котибларининг 2021 йил I ярим йилликдаги фаолияти самарадорлиги ўрганилди ва уларнинг рейтинги эълон қилинди.

Маълум қилинишича, матбуот котиблари фаолиятини баҳолашда қуйидагилар асосий мезон қилиб олинган:

– ахборот хизмати раҳбари фаолияти иш ҳажми (ўтказган матбуот тадбирлари, уларда оммавий ахборот воситаларининг иштироки таъминлангани);

– ахборот хизмати раҳбари иш фаолияти сифати (матбуот тадбирларига профессионал ёндашув, биринчи раҳбарнинг иштироки, ахборотни етказиб беришда турли инструментлардан фойдаланган ҳолда инфографика, фото, видео, аудио ва матн шаклида жамоатчиликка тақдим этиш маҳорати);

– ахборот хизмати раҳбари иш самарадорлиги (ташкилот мутасадди бўлган соҳалардаги муаммоларни кўра билиши ва ўз ресурсларида эълон қилишдаги ташаббускорлиги, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган материалларга муносабат билдиришдаги тезкорлиги, муайян ахборот воқелиги муносабати билан расмий баёнот бериши кабилар).

Шунингдек, ҳар бир ахборот хизмати раҳбарининг рейтинги ўзи тааллуқли бўлган йўналиш доирасида ўрганилиб, таснифланган. Унга кўра, 2021 йил июль ойига қадар Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари хулосалари асосида ахборот хизмати раҳбари лавозимига расман тасдиқланиб, фаолият юритиб келган республика даражасидаги 139 нафар матбуот котибидан 29 нафарининг иш натижалари юқори, 74 нафариники ўрта, 23 нафариники қониқарли, 13 нафарининг фаолияти паст даражада дея баҳоланган.

Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари кесимида 206 нафар матбуот котибидан 10 нафарининг фаолияти юқори, 83 нафариники ўрта, 70 нафариники қониқарли, 38 нафариники эса паст даражада деб топилган.

Низом талабларига кўра, марказий ташкилотлар йўналишида Марказий банк, вазирликлар йўналишида Соғлиқни сақлаш, Адлия, Халқ таълими, Ички ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Энергетика, Мудофаа, Мактабгача таълим, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Қурилиш вазирликлари ахборот хизмати раҳбарлари 2021 йилнинг биринчи ярмида юқори натижа қайд этди.

Бошқа ташкилотлардан Давлат солиқ ва Давлат божхона қўмиталари, Давлат хизматлари, «Ўзархив», Кадастр, Ёшлар ишлари, Президент таълим муассасалари агентликлари ахборот хизмати раҳбарлари ҳам 2021 йилнинг биринчи ярмида юқори натижа қайд этган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари йўналишида Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё вилояти ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлари фаолияти ушбу даврда юқори баҳоланган. Хоразм ва Андижон вилояти ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиблари фаолияти ҳокимликлар ўртасида энг паст натижани кўрсатган.

Шунингдек, матбуот хизматлари томонидан ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган 3178та танқидий материалнинг 2913таси (ёки 92 фоизи)га расмий муносабат билдирилган.

Top