14:06 / 25.08.2021
15380

Эркин кураш жамоаси бош мураббийи: «Токиода шогирдларимдан кўпроқ нарса кутган эдим»

Чапдан ўнгга: Ғуломжон Абдуллаев, Олимжон Ҳикматов, Бекзод Абдураҳмонов

Токиода ўтказилган олимпиада ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 5 та спорт тури бўйича медалларни қўлга киритди. Хусусан, эркин курашчилар битта медал олишди. Эркин кураш бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Олимжон Ҳикматов билан кичик суҳбат уюштириб, унинг Токио олимпиадасидан олган таассуротлари билан қизиқдик.

– Олимжон ака, Токио олимпиадасидаги натижалардан кўнглингиз тўлдими? Шогирдларингиз ишончни оқлашдими?

– Тўғриси, шогирдларимдан кўпроқ нарса кутган эдим. – 57 кг вазндаги Ғуломжон Абдуллаев ҳали катталар ўртасидаги мусобақаларда катта тажрибага эга эмас. Лекин унинг ҳам медалларга илинишини кутгандик. Аслида у кутганимиздан ҳам яхшироқ курашди. Биринчи босқичда хитойлик рақибини енгди, иккинчи даврада эса россиялик Заур Угуевга имкониятни бой берди. Угуев икки карра жаҳон чемпиони. Жанг давомида Ғуломжон устунлик қилиб, ғалабага яқин келди ҳам, лекин тажриба барибир ўз сўзини айтди.

Агар шу тўсиқдан ўта олганида, олтин олиши ҳам мумкин эди. Чунки яримфиналда курашган ҳиндистонлик ва эронлик спортчиларни Ғуломжон аввал мағлуб этганди. Ғуломжон Угуевга қарши курашда болдиридан жароҳат олди. Керакли муолажаларни қилганимизга қарамай, бронза йўлида америкалик спортчига қарши тўлиқ куч билан кураша олмади.

Бекзод Абдураҳмоновнинг медал олишига 80 фоиз ишончим бор эди. У ҳам россиялик жаҳон чемпиони Заурбек Сидаковга имкониятни бой берди. Уни мағлуб эта олганида, балки олтин оларди.

– 86 кг вазнда Жавраил Шапиев қатнашди. У кейинчалик чемпион бўлган эронлик спортчига ютқазди. Бронза учун баҳсда россиялик рақибига имкониятни бой берди. Лекин Шапиевнинг курашидан қониқмадим. Ютқазганидан ташқари, ўзини ижобий томондан кўрсатмади. Олимпиада олдидан кўпроқ Россияда тайёргарлик кўрганди. Балки машғулотлар тўлиқ ўтказилмагандир.

Токиода камида иккита медал бўлади, деб ўйлагандим. Лекин раҳбариятга битта медал бўлади, деб айтгандик ва шундай бўлди. Олимпиада бошқа даражадаги мусобақа. Магомед Ибрагимов биринчи босқичда туркиялик рақибига жуда оддий тарзда мағлубиятга учради. Айтганимдек, улар Россияда тайёргарлик кўришганди.

– Олимпиада ўйинларидан кейин тақдирланганлар орасида сизни кўрмадик. Табиийки, сиз ҳамон эркин кураш миллий жамоаси бош мураббийимисиз, деган савол туғилади.

– Бундан мен ҳам ҳайрон қолдим. 5 та федерация биттадан медал олди. Ҳайрон қолдирган жиҳати, дзюдо ва бокс федерацияларида ўнлаб одам мукофотланди, бизда эса фақат Бекзод Абдураҳмоновнинг мураббийи. Уларнинг мукофотланишига мутлақо эътирозим йўқ, лекин эркин курашда ҳам ҳеч бўлмаса бош мураббий тақдирланмагани ҳайрон қолдирди. Эшитишимча, МОҚ спорт курашларидан кўпроқ медал кутган. Ахир Артур Таймазовлар бор вақтда доим медал бўлар эди. Ҳа, бизда ҳам пасайиш бор, Риода иккита медал олгандик, Токиода битта. Пасайиш дейиш мумкин бўлса, икки баравар. Бироқ боксдаги пасайиш Рио билан солиштирганда уч баравар бўлди, масалан-да.

– Париж олимпиадасига эркин курашчиларни ким тайёрлайди?

– Токиодан қайтгач, бизда ўзгаришлар бўлди, лекин мен қолдим. Ўйлайманки, Париждаги олимпия ўйинлари ва ундан аввал бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига ҳам миллий жамоани ўзим тайёрлайман.

– Токиога тайёргарлик қандай бўлганди?

– Машғулот, йиғинлар яхши ташкиллаштирилганди. Пандемия билан боғлиқ шароит сабаб чет эл йиғинлари кўп бўлмади, аммо умуман олганда, ҳаммаси жойида эди. Токиодагидек тайёргарлик жараёни Париж учун ҳам амалга оширилса, кейинги олимпиадада натижалар яхшироқ бўлади.

– Спортда легионерлар керак эмас, дейиляпти. Сиз бунга қандай қарайсиз?

– Мен бу фикрни қўллайман, чунки ўзимизда ҳам яхши спортчилар чиқяпти. Фақат битта савол пайдо бўлади: ҳозирги легионерлардан ҳам кечамизми ёки кейинчалик янги легионер олмаймизми? Чунки биз учун курашган легионерлар энди бошқа мамлакат учун кураша олмайди. Умуман олганда, маҳаллий спортчилар билан ҳам даражани яхши ҳолатда сақлаб туриш мумкин.

Абдулвосид Валихонов суҳбатлашди.

Мавзу
Токио Олимпиадаси
Пандемия туфайли қолдирилган 2020 йилги Ёзги Олимпиада 2021 йил 23 июлида Япониянинг Токио шаҳрида расман бошланади.
Барчаси
Top