10:46 / 30.08.2021
1868

Самарқандда табиий газдан қарз бўлган фуқаронинг резина шланг орқали газ олиши портлашга сабаб бўлди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида табиий газ тўловидан қарз бўлган фуқаро янги «ақлли» ҳисоблагич газни узиб қўйгач, резина шланг билан ноқонуний тарзда тармоққа уланган. Оқибатда, резина шлангдан сизиб чиққан газ портлашга сабаб бўлган ва хонадон эгалари куйиш жароҳатини олган. Бу ҳақда «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 29 август куни соат 13:30ларда Самарқанд вилояти Иштихон тумани Жўра Маҳмудов маҳалласи 8-уй 7-хонадонда портлаш содир бўлган. Оқибатда, ушбу хонадонда яшовчи фуқаролар куйиш тан жароҳати олган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, фуқаро З.Ф.га тегишли бўлган ушбу хонадонда табиий газ тўловидан қарздорлик келиб чиққач «ақлли» газ ҳисоблагич табиий газ таъминотини тўхтатган.

Шундан сўнг фуқаро З.Ф. қарзни тўлаш ўрнига ўзбошимчалик билан ҳисоблагичнинг олд жўмрагини ечиб, резина шланг ёрдамида табиий газдан ноқонуний фойдаланишга ўтган.

Қайд этилишича, қўлбола усулда уланган резина шлангдан газ сизиб чиққан ва хонадонда портлаш содир бўлган. Портлаш оқибатида фуқаро З.Ф.нинг оила аъзолари куйиш тан жароҳати олган.

«Ҳурматли истеъмолчилар! Газдан нотўғри фойдаланиб, оила аъзоларингиз, мол-мулкингизни хавф остига қўйманг! «Ақлли» газ ҳисоблагич «блок» ҳолатига тушиб қолмаслиги учун истеъмол қилинган табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга оширинг!» дейилади хабарда.

Top