08:23 / 07.09.2021
4936

Истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби белгиланди  

Ҳукумат қарори билан Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Истеъмолчи электр тармоқларига уланиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХП ёхуд “ELEKTR” дастурий таъминоти (Онлайн платформа) орқали рўйхатдан ўтади.

Сўровнома тўлдирилиб, тегишли маълумотлар тақдим этилади. Хизмат учун БҲМнинг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда йиғим миқдори 24 300 сўмни ташкил этади. 

Истеъмолчилар электр тармоқларига уланиш учун Онлайн платформа орқали давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат этганда йиғим ундирилмайди.

Истеъмолчи мурожаат этган кундан бошлаб 3 иш кунида электр тармоқларига уланишни рад этган тақдирда, тегишли тўлов суммаси истеъмолчига 3 иш кунида қайтариб берилади.

Уланадиган қуввати 20 кВт.гача бўлган истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш учун электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш талаб этилмайди. Бунда ҲЭТК томонидан ишлаб чиқилган электр тармоқларига улаш схемаси электр таъминоти лойиҳаси ҳисобланади ва уни келишиш талаб этилмайди.

Уланадиган қуввати 50 кВт.гача бўлган истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш белгиланган муддатларда табақалашган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади.

Мазкур тартиб 2022 йил 1 январдан бошлаб кучга киритилади.

Top