11:53 / 08.09.2021
44867

«Бу – сўз эркинлиги ғоясини обрўсизлантириш» — ИИБнинг блогер ҳамроҳлигидаги тунги рейди жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлмоқда

Ижтимоий тармоқларда яримяланғоч аёлни камера чироқлари остида сўроқ қилган блогер ҳаракатлари акс этган видео тарқалди ва бу кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Бу ҳаракат самосуднинг бир кўриниши ўлароқ талқин қилинмоқда.

Ўз хонадонида фоҳишалик билан шуғулланишда гумон қилинаётган аёлга микрофон кўтариб, ўзини ОАВ ходими сифатида кўрсатувчи Жавоҳир Султонов томонидан ёғдирилаётган саволларга эътибор беринг:

«Ўз уйингизда шу иш билан шуғулланиш яхшими?»

«Уялмайсизми, ўз хонадонингизга чақиргани? Болаларни фарзандларингиз борлиги учун чақиряпсизми фоҳишабозлик қилишга?»

«Қачондан бери фоҳишалик билан шуғулланасиз?»

«Ҳозир ижтимоий тармоқларда ҳамма кўради сизни».

«Наркоманнинг ваъдасига, фоҳишанинг йиғисига ишонма, деган гап бор».

Тўғри, аёлнинг хатти-ҳаракатлари одоб-ахлоққа зид бўлган уятли ҳолат. Бу аниқ. Эрли аёлнинг ўз хонадонида бегона эркак билан зино қилишини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Лекин фоҳишалик бизда ҳозирча жиноят ҳисобланмайди.

Бошқа томондан, ўзини журналист санайдиган Жавоҳир Султоновнинг бу хатти-ҳаракатлари журналистикага қанчалик мос келиши алоҳида мавзу.

Унинг бу репортажи вазият билан боғлиқ қандайдир ҳақиқатни очиш, томошабин, муштарийни мушоҳадага чорлаш эмас, журналистика соҳасига доғ тушириш билан бирга, «самосуд», яъни ўзбошимчалик билан қозилик қилиш ва жазолашнинг айнан ўзи.

  • Самосуд — бу ўзбошимчалик билан жазолаш мақсадида шахсга зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказишдир.

Кези келганда айтиш керакки, жорий йил март ойида эълон қилинган қарор лойиҳасида 3 ойлик муддатда Жиноят кодексига «самосуд» учун жиноий жавобгарликни белгиловчи қўшимча киритиш вазифаси назарда тутилганди. Бироқ, орадан салкам 6 ой ўтган бўлса-да, Кодексга зарур қўшимча киритиш тугул, фармоннинг ўзи ҳам қабул қилинмади.

Видеотасвирга қайтамиз. Ундан кўринадики, ички ишлар ходимларининг ўзи Жавоҳир Султоновга бетийиқ ҳаракатлар содир этишга шароит яратиб беришган. Ички ишлар ходимлари фоҳишалик ҳолати ҳақида жамоатчилик хабар топишини ва шу орқали номаъқул йўлга кирган аёлларга «сигнал» беришни хоҳлаган тақдирда ҳам бу ишни этикага мос келадиган тарзда, ўзлари амалга оширишлари керак эмасми? Журналист қанақасига тезкор тадбирга бевосита аралашмоқда? У кузатиши керак эмасми?

Равшан кўриниб турибдики, ИИБ ходимлари ўзларининг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш борасида амалга ошираётган ишларини кўз-кўз қилиш мақсадида профессионал бўлмаган, фавқулодда эксклюзив кадрлар ортидан обуначи орттирмоқчи бўлаётган дилетантлар хизматидан фойдаланишни афзал билишган.

Вазият юзасидан тушунтириш олиш учун Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати вакили Нилуфар Исахонова билан боғландик. Унинг айтишича, мазкур репортаж ИИББ томонидан 2021 йил 1 августдан бошлаб ташкил этилаётган «Хавфсиз пойтахт» тадбири доирасида ўтказилган рейд жараёнида тасвирга олинган.

«Пойтахт аҳолисидан келиб тушаётган кўплаб эътироз ва шикоятлар асосида фоҳишалик ҳуқуқбузарликларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида ушбу ҳуқуқбузарликка қарши рейдлар ҳам ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларни ёритишда холисликни таъминлаш мақсадида ОАВ вакилларининг иштирокига ҳам шароит яратиб берганмиз. Бироқ, биз журналистларга материални қандайдир кўринишда эълон қилиш ёки эълон қилмаслик бўйича буйруқ беролмаймиз. Бу цензура бўлиб қолади.

Ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлаётган видеолавҳага тўхталадиган бўлсак, биз журналист ва блогерлардан бундай материалларни этика қоидаларига риоя этган ҳолда оммага тақдим этишни тавсия қиламиз», — дейди ИИББ расмийси.

Жавоҳир Султоновнинг бу ҳаракатлари фаол жамоатчилик, хусусан журналистика ва блогосфера вакиллари томонидан салбий кутиб олинди.

«Микрофон ва камера — қурол эмас, уни кўтариб олган ҳар кас судя ҳам эмас. У «блогер» нима қиляпти? Нега айблов, қоралаш, таҳдид тонини ёқиб олган? Кимдан «дух» оляпти? Бу ёритиш эмас, босим, судсиз айблаш, самосуд-ку!

Фоҳишалик ноқонуний ҳаракат, исботланса, суд белгилаган жазосини олсин аёл. Лекин анави микрофон-у камерали валломат ҳам ҳеч бир ваколатсиз аёлга босим, таҳдид қилгани учун жазоланишини талаб қиламан. Бу журналистика эмас, бу блогерлик эмас, бу сўз эркинлиги ғоясини обрўсизлантириш, уни қонунларга бўйсунмайдиган олабўжи қиёфасида кўрсатишдир», — деб ёзади адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова.

«Журналист ўт ўчирувчи, тез ёрдам ходими, терговчи ёки судя эмас. Мен аёлнинг хатти-ҳаракатини оқламоқчи эмасман. Аммо эфирга бу тарзда материал берилиши хато. Энг ачинарлиси, ҳозир шу видео 6-синф ўқувчисининг телефонида ҳам бор», — дея муносабат билдирган журналист Хуршид Далиев.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ҳам ушбу ҳолатни қоралаб чиқди.

«Микрофон кўтарган «мухбир» яланғоч ҳолатдаги аёлни камера қаршисида сўроққа тутиши қайси мезонга мос келади? Суд томонидан ҳали айбдорлиги исботланмаган аёлни фоҳишаликда айблаш журналист касб-одоби ва қонун талабларига нечоғлик мувофиқ?

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси журналист ва блогерларни миллий ва халқаро қонунчилик, Ўзбекистон Журналистлари касб этикаси кодексига риоя этишга, ким бўлишидан қатъи назар, шахснинг шаъни ва ҳуқуқларини поймол қилмасликка, фаҳш, зўравонлик ва инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлардан сақланишга чақиради», — дейди уюшма раиси.

Ж.Султонов ва бошқалар бу эътирозли фикрларни ўзи каби эксклюзивликка эриша олмаган катта журналистларнинг ҳасади ўлароқ қабул қилиши ҳам мумкин. Албатта, бундай кадрлар кимгадир ёқади, микрофон тутган журналист уларнинг наздида жасур кўринади, лекин бу жасурлик ички ишлар ходимлари қаноти остида ҳосил бўлганини ҳам унутмайлик.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, журналистика яримяланғоч аёлларни сўроқ қилиб, сазойи қилиш билан шуғулланадиган фаолият эмас. Гарчи аёл фоҳишаликдек жирканч иш билан шуғулланаётган бўлса ҳам, уни тергов қилиб, одоб-ахлоқдан сабоқ бериш — журналистнинг иши эмас. Ҳуқуқбузарлик ҳақидаги хабар жамиятга бу қадар хунук кўринишда етказилмайди. Журналист шундай ҳолат қандай тергов қилинаётгани ва бундайларга одоб-ахлоқдан қандай сабоқ берилаётганини кўрсатиб бериши керак, холос. Одамларимиз тўнка эмас, ўзлари хулоса чиқариб олаверишади.

Аббос Салайдинов тайёрлади.

Top