Жамиятни бирлаштириш – давлатнинг энг биринчи вазифаси. Жамият қачон давлатга бирлашади – қачонки умумий ўзлик, умумий мақсадга эга бўлса. Одамлар қачон давлатга ишонади, қачонки эркин ва ҳур инсонлар ўз муаммоларини билдира олса ва давлат уларни эшитаётганини, муаммоларига ечим излаётганини ҳис қилса...

Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, жамиятни энг кучли интеграция қилувчи восита – бу телевидение, қолаверса, бошқа оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Айниқса, 20-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, бугунга қадар, телевидениенинг ўрни жуда қудратли.

Кейинги икки-уч ўн йилликда интернет пайдо бўлиб, телевидениенинг монополияси пасайди. Лекин, ҳалига қадар телевидениенинг қудрати катта. Бугунга келиб, телевидение интернет ва ижтимоий тармоқлар билан бирлашиб кетиб, замонавий ахборот марказлари пайдо бўлди.

Феврал ойи бошида Ўзбекистон Миллий телерадио компаниясининг 2005 йилдан бери бошқарувда бўлиб келаётган раҳбари ўзгарди. Салкам йигирма йил. Бир асрнинг бешдан бири.

Хўш, бу даврда Ўзбекистон телевидениеси қанчалик жамиятни интеграция қила олди? Қанчалик миллий мустақиллигимиз ва геосиёсий эркинлигимизни таъминлай олди? Бугунги Ўзбекистоннинг ахборот суверенитети қай даражада? Биз, Ўзбекистон халқи ва давлати, ўз ахборот сиёсатимиз билан ташқи ахборотларнинг субъекти бўлдикми, ёки объекти бўлиб қоляпмизми? Яъни биз бошқаларга кўпроқ таъсир қиляпмизми, ёки аксинча, бошқалар бизга кўпроқ таъсир қиляптими?

Ўзбекистон – минтақадаги энг йирик давлат, туркий дунёнинг иккинчи йирик давлати, пост-совет ҳудудининг ҳам де-факто иккинчи йирик давлати. Лекин, Ўзбекистон ўзининг мақомига яраша ахборот қудратига эга эмаслиги ҳаммага маълум. Айниқса, Ўзбекистон телевидениеси ОАВ ичидаги энг мўрт нуқта ҳисобланади.

Қиёсий таҳлил қилганда, “нима учун Ўзбекистон телевидениеси, мисол учун, қўшни Қозоғистондаги каби жонли, жўшқин, жамоатчилик фикри диққат марказида тура оладиган таъсир доирасига эга эмас?” деган савол жуда ўринлидир.

Яна бир муҳим савол шуки, нима учун Ўзбекистон давлати ва жамияти, телевидениемизни бошқача бўлишини тасаввур қилмайди?

Гарчи қўшни Қозоғистон ҳам биз каби авторитар бошқарувни бошдан кечирган бўлса-да, бу давлатнинг ахборот сиёсати ҳар доим биздагидан кўра юмшоқроқ бўлган. Қозоғистон ўзининг ахборот суверенитетини кучлироқ англаган. Чунки Қозоғистон жамиятида рус тилини билиш даражаси юқори бўлгани, Россиянинг ахборот босими хавфли эканини англаш даражаси минтақамизнинг бошқа давлатларидан кўра кучлироқ бўлган.