21:29 / 10.09.2021
12690

АҚШ Ашраф Ғанига нисбатан тергов ўтказиш масаласини БМТ ҳал қилиши кераклигини айтди

АҚШ Афғонистоннинг собиқ президенти, давлат маблағларини ўғирлашда гумонланаётган Ашраф Ғанига нисбатан тергов ўтказиш масаласини ҳал қилиш ҳуқуқини БМТга беради. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.

Фото: Reuters

“Бу масалада биз БМТга ишонамиз. Менда бу борада бошқа изоҳлар йўқ”, деб айтган Псаки. У “АҚШ Ғани Афғонистондан пуллар ўғирланишига алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни текширишни режалаштираяптими?” деган саволга шундай жавоб берган.

1 сентябрда Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Акбар Ғани 15 августда нафақат ўз сафдошларини ташлаб мамлакатдан қочиб кетгани, балки ўзи билан бирга бюджет пулларини олиб кетганини айтган. Унинг таъкидлашича, “Толибон” ҳукуматдан ҳалол амалдорларни бўшатиб, улар ўрнига тажрибасиз одамларни тайинлаган Ғанининг сотқинлиги сабабли Афғонистонда ҳокимиятни осон эгаллаб олган.

Афғонистонни тарк этган Ғани 18 августда Facebook’да афғон халқига мурожаат қилиб, мамлакатни ташлаб кетишининг сабабларини тушунтирган. Унинг таъкидлашича, у қон тўкилишини истамагани учун Кобулни тарк этишга мажбур бўлган. Шунингдек, у Афғонистондан катта миқдорда пул билан чиқиб кетгани ҳақидаги гапларга ишонмасликка чақирган.

Top