19:27 / 21.09.2021
13011

Деновда кесилган 109 туп дарахтнинг баҳоси 65 млн сўм эмас, салкам 1 млрд бўлиб чиқди

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев Деновдаги 109 туп дарахт кесилиши бўйича етказилган зарар миқдори аслида 65 млн эмас, 995 млн сўм экани ойдинлашганини маълум қилди. Масъуллар зарар суммаси камлигини баҳона қилиб жиноий иш очишдан қочишган эди.

Дастлаб, Расул Кушербаев Сурхондарё вилоятининг Денов тумани марказида ноқонуний кесиб ташланган 109 та дарахт масаласида нима учун жиноят иши қўзғатилмагани юзасидан ички ишлар вазири ва бош прокурорга киритган депутатлик сўровига аввалроқ ички ишлар вазиридан жавоб келганини маълум қилди.

Вазир жавобида Деновдаги 109 туп дарахт кесиб ташланганида ҳуқуқбузар етказган зарар Экоқўмита Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан 65 млн сўм ҳисоблангани ва бу кўп миқдорни ташкил этмагани, 329 млн сўм ҳисобланган зарар Ҳукумат қарорига асосан бешга кўпайтириб чиқарилган сумма экани, жиноят иши қўзғатишда бирламчи сумма (65 млн сўм) инобатга олиниши боис, жиноят ишини қўзғатиш рад қилингани билдирилган.

Шундан сўнг, депутат 109 та дарахтга 65 млн сўм тўғри келиши қанчалик асосли, деган савол билан Экоқўмитага мурожаат қилган.

Қўмитанинг депутатга юборган жавобида зарар белгиланган тартибда қайта ҳисоблаб чиқилгани ҳамда миқдор 65 млн эмас, 995 млн сўмни ташкил этгани маълум қилинган.

Расул Кушербаев Kun.uz’га тақдим этган ҳужжатда кейинги ҳисоблашда зарар миқдори нега 995 млн сўм чиққанига изоҳ берилган. Қўмитанинг маълум қилишича, 65 млн сўмлик зарар Ҳукуматнинг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарори билан ҳисобланган. Кейинги ҳисоблаш эса Ҳукуматнинг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарорига биноан амалга оширилган ва зарар суммаси каррасига баланд экани аниқланган.

Зарар миқдори Қўмита марказий аппарати томонидан расман 995 млн сўм эканлиги тасдиқлангач, депутат ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласида яна бир бор ички ишлар вазирига мурожаат қилган.

“Менимча буёғига бошқа “форточка” қолмади. Энди натижа ва ахборотни кутамиз” – дейди Расул Кушербаев.

Эслатиб ўтамиз, Деновдаги дарахт кесилиши ҳолати бўйича Kun.uz мақоласида ҳолатга масъуллар томонидан ҳаққоний баҳо берилмаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Сурхондарё вилоят прокуратураси бунга жавобан, 329 млн сўм – Ҳукумат қарорига асосан 5 баробарга кўпайтирилган сумма экани, ҳақиқий бирламчи зарар эса 65 млн сўмлигини, Жиноят кодексига асосан 73,5 млн сўмга етсагина жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини билдирганди.

Top