Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги 4 гектарлик маданият ва истироҳат боғи бир неча йилдирки тортишувлар марказига айланиб қолган.
Бунга 21 нафар тадбиркор фаолият юритиб келаётган боғ 2017 йилда туман ҳокимининг қарори билан 6 кунлик МЧЖга ижарага бериб юборилгани сабаб бўлмоқда.
“Кичик” МЧЖга катта совға
Истироҳат боғи Денов тумани ҳокимининг 2017 йил 29 августдаги қарори билан “Афросиёб миллий боғлари” МЧЖга замонавий лойиҳа асосида реконструкция қилиш шарти билан 49 йил муддатга ижара асосида фойдаланишга берилган.
Ҳокимнинг мазкур қарорига ҳуқуқий асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (2021 йил 22 февралдан ўз кучини йўқотган) келтирилган. Аммо ҳоким қарорининг Вазирлар Маҳкамаси қарорига зид бўлган ўринлари бор.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси қарорида маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ амалий ишларни молиявий таъминлашда тадбиркорлик имкониятларидан кенг фойдаланиш, бунда боғ ҳудудидаги ерларни аттракционлар, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари қуриш учун танлов савдоси асосида (!) тадбиркорларга ижарага бериш белгиланган.
Шунингдек, қарорда маданият ва истироҳат боғлари туман (шаҳар) ҳокимликлари муассислигида давлат корхонаси шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши қайд этилган. Яъни истироҳат боғи Денов туман ҳокимининг қарорига мувофиқ давлат корхонаси шаклида қайта ташкил этилиши ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган намунавий тузилма асосида фаолият юритиши керак эди.
Бироқ Денов туманининг ўша пайтдаги ҳокими Б.Маматқулов давлат рўйхатидан ўтганига 6 кун бўлган, устав капиталида давлат улуши бўлмаган МЧЖга истироҳат боғини ҳеч қандай танлов савдосисиз, 49 йилга “совға” қилиб юборган.















