22:10 / 22.09.2021
15338

Автомобиллар камаймаган автомобилсиз кун: нега бу хайрли акцияга кўпчилик беписандлик билан қарамоқда?

Бугун бутун жаҳонда автомобилсиз кун нишонланди. Тўғриси, ўзбекистонликларнинг жуда кўпчилиги бундан бехабар ҳам қолди. Чунки кўчаларда машиналар оқими камайгани йўқ, пиёда ёки велосипедда ишга отланганлар сони ортгани кўзга ташланмади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ишга пиёда отланиб, буни жонли эфирда ёритди.

Япониядаги элчимиз Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ишга велосипедда отланиб, ватандошларни ушбу акцияда фаол иштирок этишга чорлади.

Туризм ва спорт вазирлиги эса «Халқаро автомобилсиз кун» танловини эълон қилди. Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов раҳбарларни намуна бўлишга чақирди. Ўзи ҳам ишга велосипедда келди.

У бошлиқ велосипедчилар Экопарк томон ҳаракатланишди. Ғолибларга 27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов томонидан мукофотлар тантанали равишда топширилиши эълон қилинди.

Тошкент ҳайвонот боғи жамоаси ишга автомобилларсиз велосипедда келиб, акцияга қўшилишди.

Пойтахт Тошкент шаҳрида соат 20:00дан бошлаб «Тунги велосайр» фестивали ўтказилди. У пойтахтдаги Махтумқули ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасидан бошланиб, «Янги Ўзбекистон» боғигача давом этди.

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳам ишга пиёда ва велосипедда келишди. Қайд этиш жойиз, қўмитанинг жойлардаги бошқармалари ҳам акцияда фаол иштирок этишди.

Самарқанд, Бухоро ва Фарғона шаҳарларида ҳам акцияга атаб пиёда юришлар ва велопойгалар ўтказилди.

Акциядан мурод нима?

Янги аср бошидан буён 22 сентябр бутун жаҳонда автомобилсиз кун сифатида нишонланиб келмоқда. Бизда бу акция яқин ўтган йиллардан бошлаб, энди-энди оммалаша бошланди.

Автомобилсиз ҳаракатланишни тарғиб қилишдан мақсад, энг аввало, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўлса, шунингдек, атроф-муҳитни автомобиллардан чиқувчи заҳарли газлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, катта шаҳарларда автомобил тирбандлиги, жамоат транспорти тизимини ривожлаштириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишдир.

Бу куннинг юртимизда у қадар оммалашмаётганига сабаблардан бири — телевидение, матбуот ва интернет сайтларда бу акция етарли даражада тарғиб қилинмаётганидир.

Ўзи автомобилсиз куннинг бир йилда бир кун бўлиши ҳам унинг аҳамиятини пасайтиради. Бундай акциялар аввал ойига бир марта, кейинчалик ҳафтанинг маълум бир кунида ўтказилсагина одамлар онгига синга бошлайди.

Тирбандлик муаммосига дуч келган Хитойдаги айрим шаҳарларда автомобил давлат рақами жуфт ёки тоқ сон билан тугашига қараб, ойнинг жуфт ёки тоқ рақамли кунларида автомобилда ҳаракатланишни чеклаб қўйишган. Балким бизда ҳам шу каби тажрибалардан фойдаланиш керакдир?

Акциянинг бизда оммалашмаётганига яна бир сабаб — шахсий транспорт воситаси билан ҳаракатланиш бизнинг менталитетимизда катта обрў, нуфуз даражасига кўтарилган. Пиёда юрувчилар, жамоат транспортидан фойдаланувчиларга ҳаётда ҳеч нарсага эришмаган омадсиз қатлам сифатида қаралади. Бунинг оқибатида кўпчилик ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига беписанд, кўчаларда пиёдаларга йўл бермайди, албатта, бу ҳайдовчилик маданиятининг ўта пастлигидан ҳам далолат беради.

Жамоат транспорти ривожлантирилиши шарт

Тошкент, Самарқанд, Наманган, Андижон каби йирик шаҳарларимиздаги раҳбарлар шаҳарда жамоат транспортини ривожлантириш масалаларига йилларки, панжа орасидан қараб келишмоқда. Бу ҳам шаҳарларимиз кўчаларида тиғиз вақтларда автомобиллардан иборат кучли тирбандлик ҳосил бўлишига сабаб бўлмоқда.

Йирик шаҳарларимизда экологик тоза жамоат транспорти — трамвайлар, троллейбуслар, электробусларни жорий этиш борасида ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаяпти. Мақтанадиганимиз — фақат Тошкент шаҳрида президент Ш. Мирзиёев ташаббуси билан метронинг янги линиялари ишга туширилди.

Айрим шаҳарларимизда велойўлаклар шунчаки, хўжакўрсинга қилинаётгани, улар ҳеч қандай функционал вазифа бажара олмаслиги, улардан фойдаланиб бўлмаслиги мутахассислар томонидан айтилмоқда.

Соғлом турмуш тарзи учун мана шундай янгиликларни жорий этиш керак экан, шунчаки билганича ишни бошлаш керак эмас. Ҳартугул, миллиардлаб пул сарфланмоқда. Аввало, шу нарсага ақли етадиган шаҳарсозлик, урбанистика, транспорт соҳаси мутахассисларини жалб қилиш керак. Биргаликда муҳокама қилиб, энг мақбул вариантларни ишлаб чиқиш лозим.

Айтмоқчи бўлаётганим, бутун жаҳонда исботини топиб бўлган нарса — фақат жамоат транспортини ривожлантирибгина катта шаҳарларимизда автомобил тирбандлиги муаммосини ҳал қилиш мумкин. Кўчаларни кенгайтириш, кўприклар қуриш билан бу муаммо ҳал этилмайди, аксинча, баттар чигаллашади.

Шаҳарларимиз автомобиллар учун эмас, энг аввало, инсонларнинг бемалол ҳаракатланиши учун бўлиши керак.

Бу масалаларни фақат автомобилсиз ҳаракатланиш тавсия этилган кунда эмас, йил-ўн икки ой ўйлашимиз, вазиятни яхши томонга оғдириш учун раҳбарлар ҳам, жамоатчилик ҳам тинмасдан ҳаракат қилиши керак.

Автомобилсиз кунда эса, энг аввало, раҳбарлар қимматбаҳо хизмат автомобилларидан тушиб, пиёда юриб ёки жамоат транспортидан фойдаланиб, ўз шаҳридаги оддий аҳоли ҳар куни йўл юриб, қандай кун кечираётганини ўз танасида ҳис қилиб кўрса яхши бўлар эди.

Яъни, бу хайрли ишни барча раҳбарлар доимо бош бўлиб бошлаб беришса, қолганлар давом эттиришади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Top