Ўзбекистон | 21:34 / 02.04.2024
15411
6 дақиқада ўқилади

“Японияда олган билимларим бир пайтлар Ўзбекистонга керак бўлмаганди” — ўзбек элчиси билан суҳбат

Kun.uz Японияга ижодий сафари давомида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов билан суҳбатлашди. Умрининг 20 йилини Япония билан боғлаган ватандошимиз японларнинг миллий хусусиятлари, кунчиқар юртда ўқиган даврлари ва ўзбек-япон алоқаларини кенгайтириш йўлида қилаётган ишлари ҳақида сўзлаб берди.

– Япония сиз учун нима?

– Иккинчи ватандек. Ўз йўлимни топишда, оёққа туришимда ёрдам берган давлат. Бу ерга келганимга 20 йил бўлди. Элчилик фаолиятимга 2 йилу 4 ой бўлди.

Дастлаб Японияга 1998 йилда магистратурада ўқиш учун келганман. Ўқиш тугаб, бир муддат ўтгач, 2004 йилда Ўзбекистонга қайтганман. Илмий изланишим “Ўтиш жараёнидаги давлатларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш” эди. Шу бўйича фаолият олиб бормоқчи бўлганман Ўзбекистонда. Лекин у вақтда бу Ўзбекистонга керак бўлмаган экан... Бозор шароитлари етарли бўлмагани учун бўлса керак.

Кейин 2006 йилда Японияга қайтиб, университетда ишладим, сўнг тадбикорлик қилдим.

– Япония ривожланишининг асосий омили нимада деб ўйлайсиз?

– Жамоавий ишлашда. Бу нарса Японияда юқори даражада. Аниқ мақсадлар қўйилиб, ўша мақсадлар томон биргаликда ҳаракат қилинади.

– Айтишларича, коллективизим индивидуализмни чеклайди. Қандай қилиб японлар коллективизм билан одамларнинг индивидуаллигини уйғунлаштира олди?

– Қийин савол, аммо жавоб беришга уриниб кўраман. Ҳа, Японияда коллективизм кучли, кўчада нима истасангиз қила олмайсиз, жамиятнинг босими сезиб турасиз. Аммо ишга келганда шахснинг фикрлари эшитилади ва рағбатлантирилади. Шу тарзда коллективизм ва индивидуализмни бирлаштира олишган.

– Давлат ва халқнинг ўзаро муносабати қандай Японияда?

– Биздаги аёллар, ёшлар дафтари каби Японияда ҳам аҳоли даромадига қараб давлат томонидан бериладиган ёрдам бор. Ижтимоий масалаларда Япония ривожланган давлатларнинг энг олдиларидан деб ўйлайман.

Бола пули берилади бу ерда ҳам. Мурожаат қилинса, даромадга қараб, ёрдам пуллари ажратилади ёки даволаниш учун харажатларнинг асосий қисмини қоплаб бериш каби қўлловлар бор. Халқ давлатга жуда ишонади, чунки доимий қўллаб-қувватлов бор.

Одамларни камбағал ёки бой эканини кўчада юриб билиш қийин, ҳамма деярли бир хил юради, ўзини тутиши ҳам бир хил.

– Халқ давлатга ишонганига яраша, давлат ҳам халқни эшитади, шунақами?

– Вилоят губернаторлари, шаҳар мэрларини халқ сайлайди. Қонун ва қарорлар ҳам халқнинг манфаати учун бўлади, агар бирор раҳбар халқ манфаатига терс қарор чиқарса, унинг мансабда бўлиши ўзоққа бормайди.

– Сўз эркинлиги қандай Японияда? Халқ ва ҳукумат мулоқот механизми қай тарзда ишлайди?

– Сўз эркинлиги бор Японияда. Лекин эркинлик бор, деб ҳар нарсани ҳам гапираверишмайди. Аниқ фактлар, ечимлар бўлса гапирилади одатда.

Турли петициялар бор. Парламент олдида тўпланишади ҳам. Кичик гуруҳлар тўпланса ҳам, шуларнинг ҳам сўзлари эшитилади. Асосан маҳаллий ҳокимиятлар орқали юқори ҳокимиятга етиб боради халқ хоҳиш-истаги.

– Ўзбекистон ва Япония муносабатлари: қандай потенциал бор, нималарга эришилди, нималарга ҳали эришилмади?

– Катта потенциал бор, албатта. Японияда ёши катта инсонлар аҳолининг кўп қисмини ташкил қилади. Ўзбекистонда эса меҳнатга лаёқатли ёшлар қатлами катта, шунинг учун меҳнат бозорида ҳамкорлик қилса бўлади. Ёшларимиз Японияда ишлаб, тилни, маданиятини, иш олиб боришни ўрганиб келишса, фойдали бўлади.

Япония билан 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатганмиз. Ўртадаги масофа 6 минг км. Асосий боғловчи – ҳаво йўллари. Япония ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтада бир марта қатнайдиган рейс бор. Логистик муаммолар сабаб экспорт ва импорт ҳажми пастроқ.

Япония билан боғланиш учун асосий йўл шимолий коридор эди. Лекин ҳозир бу йўлдан фойдаланиш анча қийинлашган. Афғонистон орқали ўтувчи йўлакни таклиф қилгандик, Япония ҳали унашмаяпти. Яна битта йўналиш Қирғизистон ва Хитой орқали ўтиш, лекин бу йўлдан ўзларини тортиб туришибди. Фақат Транскаспий коридори орқали ўтувчи йўлга қизиқишяпти.

– Элчи сифатида ўз олдингизга қўйган мақсадларингиз?

– Ўзбекистонда ҳақиқий япон университети очилишини истардим. Японлар фақат Миср, Малайзия ва Туркияда ўз университетларини очган, бошқа мамлакатларда йўқ.

Япония таълим тизимини Ўзбекистонга олиб кириш учун Фарғонада 19 та шаҳар ва туманларда биттадан мактабни танлаб олиб иш олиб бориляпти. Япон мутахассислари жалб қилинган.

Иккинчиси – Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган япон компаниялари сонини 100 тадан ошириш, ҳозир 70 тага яқин компания бор. Масофа узоқлиги ва логистик муаммолар тўсиқ бўляпти кўпроқ. Шу пайтгача японлар Ўзбекистонга кучли ишонч билан қарашмаган, лекин ҳар бир вилоятга бориб, япон тадбиркорларига Ўзбекистондаги имкониятларни тарғиб қилишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳар ҳафта 10-15 та япон компанияси Ўзбекистонни ўрганяпти. Ўзи японлар тез қарор қабул қилмайди, обдон ўрганиб чиқишади.

– Японияда ўқиётган ўзбекистонлик ёшларга маслаҳатларингиз.

– Япония ўқиш учун қулай мамлакат. Кўп нарсаларни ўрганса бўлади. Бу ердаги ватандошларимзга доим 3 та нарсани айтаман. Биринчиси, ҳар бир ўзбекистонлик Японияда юрганда Ўзбекистон вакили эканини ҳис қилиши керак, чунки уларга қараб ўзбекларга баҳо берилади.

Иккинчиси, ўқиш учун келган ёшлар асосий эътиборни ўқишга қаратсин, ўзига етарли даражада ишлашса етади. 3-5 йил қийинчилик бўлиши мумкин, лекин яхши мутахассис бўлишса, кейин осон бўлиб кетади.

Учинчиси, ватандошлар бир-бирига тўғри маслаҳат бериб, тўғри йўл кўрсатиб юришса, яхши натижаларга эришишади.

Элчихонамиз ватандошларимз билан яқиндан ишлайди. Агар бирор бир масала бўлса, саволлар бўлса, бемалол бизга мурожаат қилишлари мумкин. Телефонлар доимий равишда ишлаб туради. Сайтимиз – uzbekistan.jp

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери