11:58 / 24.09.2021
8508

Туғуруқхонага кирсам чакка томиб ётибди, ичкарида эса туғруқ қабул қилиняпти – Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Самарқандда сайловчилар билан учрашув чоғида вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган вақтларини ёдга олди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Самарқандда ишлаган пайтим вилоятда ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун маблағ етишмасди. Фақат марказдан пул ажратилса, ҳоким бир ишни бошлаши мумкин эди. Ана шу аччиқ тажрибамиздан келиб чиқиб, мана, ҳозир ҳудудларимизга молиявий масалаларда кенг эркинлик беряпмиз.

Ўша йиллари Пахтачи туманидаги 24-мактаб, Қўшработ туманидаги яна бир эски мактаб ва Оқдарёдаги туғуруқхонани қандай қийинчилик билан таъмирлаганимиз ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди. Ёдимда турибди, Оқдарёга бориб туғуруқхонага кирсам шифтдан чакка томиб ётибди, ичкарида эса шифокорлар туғруқ қабул қилишяпти. 

Ана шу ишлар учун 50 фоиз маблағ вилоят бюджетидан ажратилган, қолгани эса ҳашар йўли билан бажарилган эди.

Вилоятдаги кўплаб бунёдкорлик ишлари шу тарзда олиб борилди. Маҳдуми Аъзам, Хожа Дониёр, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳлари бунга мисол бўла олади.

Албатта, ўша оғир йилларда биз билан елкама-елка туриб ишлаган инсонларнинг баъзилари, афсуски, бугун орамизда йўқ. Иложимиз қанча, ҳаёт қонуни шундай экан”, деди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top