16:18 / 29.09.2021
21675

“Ўзбекистон иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган” — Жаҳон банки вице-президенти

Ўзбекистон иқтисодиёти аграр секторга қаттиқ боғланиб қолган, мамлакатда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш керак, дейди Ўзбекистон иқтисодий форумида қатнашаётган Анна Бьерде.

Ўзбекистон иқтисодий форумида Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде мамлакатдаги ўзгаришлар ва ислоҳ қилиниши зарур бўлган соҳалар ҳақида тўхталиб ўтди.

“Ўзбекистон иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига қаттиқ боғланган. Иқтисодиётда хизмат кўрсатиш соҳасининг ролини ошириш керак. Мамлакатда ишсизлик даражаси 10 фоиздан юқори. Шу сабаб янги ислоҳотларни амалга оширишда ўтмишдаги тажрибалардан тўғри хулоса чиқариш ва тизимли режа ва дастурлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳукумат 2030 йилга бориб ўртача ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилишни ўз олдига қўймоқда.

Менимча, мамлакатдаги энг катта муаммо инсон капитали билан боғлиқ. Инсонларни ривожлантириш, таълим ва ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш керак. Мамлакатда табиий ресурсларнинг катта базаси мавжуд ва бу иқтисодий инқироз пайтида бардошлиликни оширишга кўмак беради. Пандемия сабаб мамлакат ташқи қарзи кескин ортганини ҳам инкор қилиб бўлмайди.

Кейинги ислоҳотлар даврида хусусий секторни ривожлантириш ва корпоратив бошқарув бўйича ишларни жадаллаштириш керак. Бунда биринчи ўринда хусусий сектордаги рақобатни ошириш керак. Аёлларни меҳнат жараёнига жалб қилиш, улар учун иш жойлари яратишнинг узоқ ва қисқа дастурлари бўлиши керак. Мамлакатдаги ҳудудларнинг бир текисда ривожланишига эътибор қаратиш ҳам жуда муҳим деб ўйлайман.

Яшил иқтисодиётга ўтиш бутун дунёда долзарб муаммолардан бири бўлиб қолаётган иқлим ўзгаришига қарши туришга ёрдам беради. Иқлим ўзгариши мамлакатлардаги ЯИМга кескин таъсир ўтказиши мумкин. Шу сабаб Ўзбекистон 2025 йилгача қайта тикланадиган энергия ресурсларини 25 фоизга ошириш бўйича ишларни амалга оширмоқда.

Бир нарсага эътибор қаратиш керак, охирги пайтларда Ўзбекистонда ҳукумат вакиллари билан ишлашда шаффофлик ошган. Хусусан, Молия вазирлигидаги ташқи қарз ва бошқа соҳаларга оид кўплаб маълумотлардан бемалол фойдаланишимиз мумкин”, – деди Анна Бьерде.

Top