10:26 / 29.09.2021
4574

Пойтахт ҳокимлиги Журналистлар ижодий уюшмасига 3 та бино таклиф қилинганини билдирди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ҳокимлик 2017 йил августдаги президент қарори ижросини таъминламаётгани борасидаги эътирозларига муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2017 йил 10 августда «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирларни амалга оширган.

Жумладан, пойтахт ҳокимлиги қарорда назарда тутилган Шайхонтоҳур тумани, Ислом Каримов кўчаси, 16-А уй биноси бошқа давлат идоралари билан тўлганлиги сабабли, уюшмага Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан имзоланган хат билан учта бино таклиф этилган.

  • Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси 1-уй манзилидаги бино;
  • Мирзо Улуғбек тумани Мустақиллик шоҳкўчаси 71-уй манзилида жойлашган бинонинг 4-қавати;
  • Яшнобод тумани 22-ҳарбий шаҳарчада жойлашган бино.

Ҳокимлик матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси юқоридаги таклифларга нисбатан ҳеч қандай жавоб бермаганлиги сабабли бу масала очиқ қолган ва ҳозирги кунда бу учта таклиф ҳам ўз кучини йўқотган.

«Сабаби шаҳарда катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Кўплаб бинолар бузилди, кўпларининг ўрнига янгилари бунёд этилди. Буни Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров билиши, юқоридаги масала юзасидан фикр билдиришдан аввал масалани ўрганиши лозим эди.

Тўғри, Олимжон Ўсаровнинг уюшмага раҳбар бўлганига энди тўрт ой бўлди. Бу вақт мобайнида ҳамма нарсага улгуриш, ҳамма нарсани билиш қийин. Аммо «хафа бўлдим» деб ОАВда чиқишдан аввал Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ бўлган бўларди,” – дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёнотида.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Kun.uz’га уюшмага таклиф сифатида берилган хатни тақдим қилди. Ҳокимлик расмийсининг айтишича, Журналистлар ижодий уюшмаси ўзи учун бино сўраб, юқори ташкилотга ариза киритган. Шу асосида, Тошкент шаҳар ҳокимлигига хатни жавоб тариқасида Журналистлар ижодий уюшмасига эмас, балки Вазирлар Маҳкамасига юборган.

Хатда ҳақиқатан ҳам ижодий уюшмага юқоридаги кўрсатилган бинолар таклиф қилинганини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 сентябрь куни бўлиб ўтган давра суҳбатида Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2017 йил августдаги президент қарори ижросини 5 йилдан буён пайсалга солиб келаётганини таъкидлаб, Тошкент шаҳри ҳокимидан жуда хафалигини билдирган эди.

Ҳозирча Журналистлар ижодий уюшмаси ушбу масалага муносабат билдирмади. 

Top