13:23 / 29.09.2021
9127

Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам — Афғонистон ва у ерда ўзбек тили масаласи ҳамда туркий давлатлар алоқалари ҳақида

Жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти, унинг таҳлиллари юзасидан қатор суҳбатлар уюштириб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам бўлди. Суҳбатнинг биринчи ва иккинчи қисми аввалроқ эълон қилиниб, матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг учинчи қисми матни эълон қилинмоқда.

— Қўшни Афғонистондаги воқеаларни кузатиб боряпсиз. У ерда қатор қонли урушлардан кейин ҳукумат алмашди. Хўш, бу воқеалар сиз каби ўзбек ижодкорлари, зиёлилари нигоҳида, руҳиятида қандай қабул қилиняпти? Нималарни ҳис қиляпсиз, хулоса қиляпсиз?

Шунингдек, саволнинг яна бир қисми сифатида бугун у ердаги ўзбек миллатдошларимизнинг тақдири ҳақида ҳам гаплашишимиз керак.

«Ён қўшни – жон қўшни», «Уй олма, қўшни ол» деган мақоллари бор халқимизнинг. Бу дегани шуки, яхши қўшни ҳаёт-мамот масаласи қадар муҳимдир. 

Чунки эсимизни таниганимиздан бери Афғонистондаги нотинчлик хаёлимизнинг бир четини банд қилиб келади. Мен туғилиб ўсган олис Мингтепанинг неча-неча аскар йигитларининг ўлиги келган Афғонистондан. Унда мен мактаб ўқувчиси эдим, энди бўлса, ёшим 50 дан ошиб, 60га қараб кетяпти. Лекин ҳануз Афғонистон муаммоси мавжуд. Бир қўшни, бир зиёли сифатида унинг тинч ва ривожланган ўлкага айланишини жуда-жуда хоҳлайман.

У ерда пуштун, тожиклардан ташқари миллионлаб миллатдошларимиз ҳам бор. Уларнинг тақдири, қисмати, шунингдек, бу юртда ўзбек тилига бўлган муносабат бизни доим ўйлантиради.

Пайғамбаримизнинг бир ҳадиси бор: «Ҳеч қачон ўлмайдигандек дунё учун яша, эртага ўладигандек охират учун яша», дейилади. Диний радикализмда эса фақат охират ҳақида гап бор. Бугунги кун ва дунёни инкор қилиш бор.

Минг йил давомида зулматга чўмган ғарбнинг ҳам ақидаси шундай эди. Ҳар бир нуқта охиратга қаратиларди. Бу дунёда қанча кўп изтироб чексанг, у дунёда шунча яхши бўлади деган қараш бор эди. Мана шу фикр миллатлар, халқларнинг қон-қони, ҳужайрасига сингдирилгани учун ғарб зулмат ичида яшади. Бу мафкура инквизиция билан қўллаб-қувватланди. 

Диний радикализмнинг дини йўқ.

Дунёвийликни инкор қилиб, фақат охиратга интилиш ғарбнинг минг йиллик зулматига оёқ қўйишдир. Бу ҳаракатлар шу ёққа олиб боради. Шу маънода тўғри йўлдаги инсон у дунёсини ҳам, бу дунёсини ҳам ўйлайди, обод қилади. Энг яхшиси шу йўл.

Ҳозир Афғонистондан келаётган хабарлар доим бир-бирини инкор қиляпти. Шунинг учун битта хабар чиққандан кейин унга тезда муносабат билдириш қийин бўляпти. Чунки бу хабар саҳиҳми, саҳиҳ эмасми билмаймиз.

Афғонистон муаммоларини кўпроқ, кенгроқ, холисроқ ёритиш керак. Бу борада мутахассисларимиз кам. Ҳозир у ерда ўзбек тилига бўлган муносабат ҳақида Анвар Назир, Шуҳрат Барлос каби тарихчи, блогерларимиз ёзиб туришибди. Бу борада шунингдек, расмий ахборот агентликлари ҳам фаол, янада холис бўлишлари керак.

Қани эди, бизнинг ҳукуматдан чиққан расмий хабарларда бўлгани каби Афғонистонда ўзбек тилига бўлган муносабат сақланиб қолса. Чунки Ўзбекистонда ҳам 7та тилда таълим олиб борилади. Нега энди у ердаги мактабларда ўзбек тили инкор қилиниши, мактаблардан сиқиб чиқарилиши керак? Нега қизлар мактабда ўқимаслиги керак? Шу нарсаларни ўйлаганда ҳамма нарса инсоннинг даражаси билан боғлиқлигини айтиш керак. Шу маънода диний ҳукм чиқарадиганлар дунёвийлик, замонавийликдан ҳам яхши хабардор бўлиши керак.

— Тўғри айтасиз, нима учун қиз боланинг умри фақат уйда, эрини кутиш, таниган-билмаган одамга эрга тегиб кетавериш билан ўтиши керак? Афсуски, бизда мана шу ҳаётни ёқлаб чиқаётган радикал ёшлар кўпайиб боряпти.

— Буни зиёлилар кўпроқ гапириш керак. Айтганингиздек, бизда ҳам диний радикализмга мойиллик кучайиб боряпти. Диний билимларни олиш, адабиётларни ўқиш, масжидларга бориш, ҳаммаси ўз йўлига. Булар ҳаммаси эркин бўлиши керак. Лекин бу билан қаноатланмай, ҳамма нарсани диний радикализмга олиб бориб боғлайвериш хато.

Бугун дунё билан, замонавийлик билан ва модерн дунё билан бирга юрилмаса, фақат дин деяётган одамлар динидан ҳам, тилидан ҳам ва ҳатто жонларидан ҳам маҳрум бўлиб қолиши мумкин.

Инсон ўша дини, қадриятлари, тилини ҳимоя қилиши учун ҳам кучли бўлиши керак. Кучли бўлиш учун эса замонавий билимларни билиши керак. Дунё илмларидан юз ўгириб бўлмайди. Дунёвийлик бир қанот бўлса, охират ва ухровийлик иккинчи қанот. Бир қанот билан учиб бўлмайди. Мўътадиллик керак. Камалак нега чиройли? Чунки у 7 ва ундан ортиқ рангларнинг гаммасидан иборат.

Мен ўз юртимга ҳам, қўшни афғонистонликларга ҳам, симобдек қайнаб турган дунёга ҳам икки дунё саодатини тилайман!

— Улуғбек ака, сиз 1992-93 йилларда ҳукумат томонидан ўқишга юборилган талабалар сафида Туркияда таҳсил олгансиз. Бугун туркий давлатлар ўртасидаги сиёсий, маданий алоқаларини қанчалик кузатиб борасиз? Шунингдек, бир зиёли сифатида туркий давлатлар билан алоқалар, яқинлашув Ўзбекистонга нималар беради деб ҳисоблайсиз?

Интеграция жуда муҳим. Айниқса, ҳозир. Чунки бугунги кунда тилла балиқча бўлиб қолиш ўта хавфли. Мамлакатлар ҳам худди инсонларга ўхшайди: улар ўзаро ҳар томонлама алоқалардагина ўсиб-унади. Энди туркий халқлар алоқаларига келсак, улар янада муҳим. Туркий халқлар бир мушт бўлиб жипслашишларини орзу қиламан мен. Яқин йилларда алоқалар сезиларли даражада кучайди ва бу яхши. Бўлинганни бўри ер, дейди эл. Ўзгариб, турланиб турган дунёда ўзликни сақлашнинг йўли ҳам айнан мана шундай бирлашишларда кўринади. Синовли дамларда туркий халқлар бир-бирларининг ёнларида тура олишни ўрганишлари керак. Бу, яъни ўзаро ёрдам, ҳамкорлик ҳатто оддий ҳолга айланиши керак.

— Суҳбат учун катта раҳмат.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

Top