18:21 / 30.09.2021
5485

Баҳром Абдуҳалимов коррупцияга қарши курашишда мансабдорлар фаолиятига «тоза қўллар» сиёсатини сингдиришини айтди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўзининг сайловолди дастурида мамлакатда коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига «тоза қўллар» сиёсатини сингдиришини маълум қилди.

«Адолат» партияси номзодининг дастурида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига танлов асосида ишга қабул қилиш ва ходимлари сонини мақбуллаштириш борасида таклифлар киритилиши айтилган.

«Мақсадимиз – давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим соҳасида коррупцияни йўқ қилишдир. Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига «тоза қўллар» сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўрамиз», – дейилади Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастурида.

Шунингдек, номзод коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулларидан бири сифатида кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйилиши ҳақида гапирган. Бунинг учун давлат бошқарувида кадрларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган ошкора танлов тизими амалга оширилади.

Бундан ташқари, Баҳром Абдуҳалимов коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини айтиб, жамоатчилик назоратини ўрнатмай туриб, мавжуд салбий иллатларни йўқ қилиб бўлмаслигини билдирган.

Авввалроқ, Баҳром Абдуҳалимов президент администрация ва ҳукумат биноларини Тошкент шаҳридан ташқарига чиқаришни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон президентлигига сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Айни кунларда сайловда иштирок этадиган бешта сиёсий партия етакчилари аҳоли орасида ўз тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.

Top