13:18 / 30.09.2021
6470

Тожикистон орқали Ўзбекистонга олиб ўтилган 30 килодан ортиқ наркотик модда ДХХ томонидан мусодара қилинган

ДХХ ходимлари томонидан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган 30 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар аниқланиб, мусодара қилинган. Гиёҳванд моддаларнинг аксарияти Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.

ДХХ матбуот хизмати хабарига кўра, Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича ходимлари ҳамда Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон ҳудудига Амударё орқали ноқонуний ўтган Афғонистон фуқароси қўлга олинган. Текширув давомида ушбу шахснинг ёнидан 9 кг 84 гр опий гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Сурхондарёда кузатилган яна бир ҳолатда вилоятнинг Узун тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи уч нафар шахс 6 кг 80 гр гашиш моддасини 30 минг долларга сотаётган вақтларида қўлга олинган.

ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ, вилоят божхона бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент – Самарқанд йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Kia Bongo” русумли автомашина Самарқанд вилоятининг “Юқори нуқта” ЙПХ масканида тўхтатилиб кўздан кўчирилганда унда кетаётган самарқандлик икки нафар шахсга тегишли 5 кг 953 гр опий гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

ДХХнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ходимлари ҳамда Тошкент божхона бошқармаси вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Жиззах – Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Nexia-3” русумли автомашина Тошкент шаҳрига кирувчи “Эркин” ЙПХ масканида тўхтатилиб кўздан кечирилганда йўловчилардан бири – Бахмал туманида яшовчи 37 яшар эркакнинг ёнида 2 кг 818 гр опий гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда пойтахтнинг Яккасарой туманида яшовчи 1976 йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Cobalt” русумли автомашинада 80 гр гашиш гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган. Суриштирув ҳаракатлари давомида у мазкур моддани 1975 йилда туғилган, муқаддам судланган танишидан сотиб олгани маълум бўлган ҳамда тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс ҳам қўлга олинган. Унинг “Captiva” русумли машинаси кўздан кечирилганда, автомобиль салонида 5 кг 219 гр гашиш моддаси борлиги аниқланган.

Яна бир ҳолатда ҳам қарийб 2 кг гашиш моддасини келгусида сотиш мақсадида Қўқон шаҳрига олиб кетаётган Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи 35 яшар фуқаро ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида мусодара қилинган жами 17 кг 855 гр опий ва 13 кг 379 гр гашиш гиёҳванд моддаларининг аксарияти Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб ўтилгани аниқланган. Қайд этилишича, ҳозир тезкор тадбирлар давомида қўлга олинган шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Top