10:43 / 03.10.2021
38044

Сурхондарёда Қизил китобга киритилган сиртлон овлангани айтилди. Уни чўпонларнинг итлари ўлдирган бўлиб чиқди

Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 16 дона сиртлондан (ёлдор бўри) бири ўлдирилгани ҳақида хабар тарқалди. Экологик партия бу хабарлар юзасидан ўрганиш натижаларини маълум қилди.

2 октябрь куни Telegram’даги «Экологуз» каналида икки киши жонсиз сиртлон олдида тушган суратни эълон қилди.

«Шуни ўлдириб, шу чўпонлар, балки овчилар барака топдими? Ёки ўзининг нақадар қаҳрамонлигини кўрсатмоқдами? Ким бўлишидан қатъи назар мазкур шахслар жавобгарликка тортилиши шарт», — дейилади хабарда.

Экологик партия ҳолат юзасидан Узун туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ва туман ИИБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.

Суриштирув давомида аниқланишича, Узун тумани «Мустақиллик» маҳалласида яшовчи фуқаро П.О.да овчилик қилиш учун қурол йўқ ва у овчилик уюшмасига аъзо бўлмаган. У 2021 йилнинг февраль ойида туманнинг «Хурсанд» маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжалигига қарашли ер майдонида қўйларини боқиб келган. Ярим тунда сиртлон чўпоннинг қўйларига ҳужум қилган, 5та ит қўйларни ҳимоя қилиш мақсадида гиенага жароҳат етказган. Орттирилган жароҳатлар сиртлоннинг ўлимига сабаб бўлган. Ўлдирилган ҳайвон эртаси куни чўпонлар томонидан суратга туширилган.

«Ўзбекистон Экологик партияси ёввойи ҳайвонларни овлаш ва уларнинг ўлимига сабаб бўладиган ҳар қандай ҳаракатларни кескин қоралайди. Она табиатнинг ажралмас қисми бўлган ноёб ва камайиб бораётган ҳайвонларни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, ҳайвонот дунёсига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва қонун талабларига сўзсиз риоя қилишга чақиради», — дейилади хабарда.

Ёлдор бўрилар бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган кенжа тур ҳисобланади. Ўтмишда Жанубий Устюртда, Амударё қайирларининг қуйи ва ўрта оқимларида, Шерободдарё этакларида, Кўҳитанг тизмасининг шарқий ёнбағрида тарқалган. Ҳозирда Боботоғ тоғолди тизмасининг шимолий қисмида ва Сурхондарё этагида қайд этилган. Ўзбекистондан ташқарида: Туркманистон, Эрон, Кавказ ва Кавказорти, Ироқ, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон яримороли, Арабистон яримороли, Африкада яшайди.

Top