22:02 / 04.10.2021
57431

Фотогалерея: Афғонистондаги ҳаёт толиблар ҳукмронлиги даврида қанчалар ўзгарди?

Афғонистон бир ойдан ортиқ вақт давомида қатъий тартиб ўрнатган «Толибон» ҳаракати ҳокимияти остида яшамоқда. РБК улар Афғонистонда ҳукуматга келгандан кейинги ҳаётни акс эттирувчи фотогалереяни тақдим этди.

Толиблар 1996 йилдан 2001 йилгача бўлган даврда ҳам мамлакатни бошқарган. Ўшанда ҳаракат мусиқа чалиш ва тинглашни, тасвирий санъат билан шуғулланишни, интернетдан фойдаланишни тақиқлаб қўйганди. Аёллар ўқиши ва ишлашига, эркаклар — соқолини олишига рухсат берилмаган. Режимга қарши чиққанлар шафқатсизлик билан жазоланган ва ўлдирилган. Бу сафар ҳокимиятга келганида толиблар сўнгги 25 йилда жиддий ўзгаришганига ишонтиришди, аммо маҳаллий аҳоли вакилларининг ҳикояларига кўра, жангариларнинг ўтмишдаги кўплаб талаблари такрорланмоқда.

Фото: Felipe Dana / AP

Толиблар 15 август куни Кобулга киришгач, банкоматларда узун навбатлар юзага келди, шаҳар кўчалари бўйлаб автомобиллар кузатилди — одамлар зудлик билан пойтахтни тарк этишга шошиларди. «Толибон» ҳокимиятга қайтишидан олти ҳафта ўтиб ҳам кўчалардаги трафик билан боғлиқ вазият айтарли ўзгаргани йўқ. Кобул ҳамон транспорт ҳаракатланиши қийин бўлган шаҳар бўлиб қолмоқда. Толиблар ҳокимиятга келгач, пойтахтда, бошқа ҳудудларда, шунингдек, чегараларда ўз назорат-ўтказиш пунктларини ўрнатишган. Ўзбекистон билан чегарадан бошланувчи йўл бўйлаб 16та назорат-ўтказиш пунктлари жойлашган. Толиблар кириб келувчиларнинг ҳужжатларини текширади, улар қаердан келаётгани ва қаерга йўл олганига қизиқади. Айрим гувоҳларнинг айтишича, бундай постларда толиблар бошқа мамлакатларнинг ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилувчи одамларни топиш учун уларнинг исм-шарифларини текширади.

Фото: Felipe Dana / AP

Толиблар ҳокимиятга қайтгач, Афғонистонда бензин нархи кескин қимматлашди. Global Petrol Prices хизмати маълумотларига кўра, июнь ойи охирида бир литр бензин нархи тахминан 52 афғоний (58 цент атрофида)га сотилган, эндиликда бир литр ёқилғи нархи Кобулдаги айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларида 70 афғонийга (76 цент атрофида) кўтарилган. Шаҳар кўчаларида қўлда бензин сотувчилар ҳам кўпайиб қолган. Улар сотаётган маҳсулот сифати ёмонроқ бўлса-да, арзонроқ — бир литр ёқилғини 47-54 афғонийга харид қилиш мумкин (53-60 цент атрофида).

Фото: Bernat Armangue / AP

Афғонистон иқтисодиёти ҳолати толиблар келгунига қадар ҳам ёмонлашганди. 2017 йилда мамлакат аҳолисининг 55 фоизи қашшоқлик ёқасида эди, 2020 йилда уларнинг улуши 72 фоизгача етди. Аммо БМТ тараққиёт дастурининг энг ноқулай прогнозларидан бирига кўра, 2022 йил ўрталарига бориб, Афғонистонда аҳолининг 97 фоизи қашшоқлик чегарасига тушиб қолиши мумкин.

Фото: Felipe Dana / AP

Ҳозирда мамлакатда одамлар ўз уйидаги мебеллар ва бошқа уй жиҳозларини, сотиш мумкин бўлган ҳар қандай рўзғор буюмларини олиб чиқиб сотувчи ёйма бозорчалар кўпайган. Aljazeera телеканалининг қайд этишича, ҳашаматли ресторанлар ва дўконлар жойлашган кварталлар ҳувиллаб қолган.

Суратда: Кобул ташқарисидаги Деҳ Сабз туманида жойлашган ғишт заводи ходимлари / Bernat Armangue / AP

Кобул атрофидаги Деҳ Сабз туманида ғишт пишитиш билан шуғулланувчи ишчилар корхонада ишлаб чиқариш тўхтаб қолмагани, аммо харидлар камайгани ҳақида айтишган. Бу ерда ойига ўртача 700 минг, ярим йилда — 4,2 миллион дона ғишт ишлаб чиқарилади. Бундай корхоналарда ёлланма ишчилар меҳнат қилишади, Associated Press маълумотига кўра, уларнинг айримлари — норасида болалар. Бу ердаги ишчиларга иш ҳажмидан келиб чиқиб маош тўланади. Масалан, Нангарҳор вилоятида ғишт тайёрловчилар кунига 1000-1500 афғоний (тахминан 11-16 доллар) ишлаб топишади.

Фото: Felipe Dana / AP

Толиблар Кобулни олгандан кейин ўтган вақт ичида аёлларнинг танаси ва юзини ёпадиган анъанавий кийимлари учун нархлар ҳам ошиб кетган. Жангариларнинг аввалги бошқаруви даврида аёлларга паранжисиз кўчага чиқиш тақиқланганди — бу тақиққа амал қилмаган қоидабузарлар тошбўрон қилинган. «Толибон» август ойида ҳокимиятга қайтгач, ҳаракат расмийлари аёлларнинг ишлаши ва таълим олишига рухсат берилиши, аммо улар ҳижоб кийиб юришлари кераклигини айтганди. Бу баёнотдан кейин аёлларнинг кийимлари 900 афғонийдан (10 доллардан кўпроқ) 1,5 минг афғонийгача (17 доллар атрофида) кўтарилиб кетди.

Суратда: «Толибон» байроқларини тутиб олган аёллар Кобул университетидаги таълим марказида толибларнинг ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган акция вақтида / Felipe Dana / AP

Толибларнинг аёлларга ўқиш ва ишлашга рухсат бериш ҳақидаги ваъдаларига қарамай, масалан, Ҳирот вилоятида мактаблар катта синф ўқувчилари учун ёпилган, олий таълим муассасаларига қизлар ва аёл ўқитувчиларни киритиш тўхтатилган. Кобул шаҳри маъмуриятининг аёл ходимларига уйда қолиш тавсия этилган, The New York Times нашрининг ёзишича, Кобул университетида «Ақллар сизиб чиқиб кетиши» кузатилмоқда — ўқитувчиларнинг ярми ёки ишдан бўшаб кетган, ёки кетгани ҳақида хабар қилган. Толиблар ҳукуматда аёлларга ҳам жой берилишини ваъда қилишганди, лекин кейинроқ улар бундай эҳтимолни истисно этишди ва аёлларнинг иши — фарзандларни дунёга келтириш ва ислом арконлари бўйича уларни тарбиялаш эканлиги айтилди.

Суратда: Кобулдаги масжидларнинг бирида жума намози вақтида пойабзал тозалаш хизматларини таклиф этаётган қизалоқ / Bernat Armangue / AP

Афғонистондаги Save Children ташкилоти вакили Кристофер Нямандининг маълум қилишича, толиблар 7 ёшдан катта қизлар учун мактаблар ёпилиши вақтинчалик ҳолат эканини, улар ўқувчи қизлар таълим олиши учун зарур шароитлар яратилиши устида ишланаётганини айтишган. Сўнгги 20 йилликда мактабга борувчи қизлар сони сезиларли даражада ошганди ва толиблар бу жараённи ортга қайтариши жуда қийин, деб ҳисоблайди Ньямади. Ташкилотнинг кузатувларига кўра, айрим вилоятларда «Толибон» вакиллари ушбу масалада мослашувчан сиёсат олиб бормоқда, аммо аёлларнинг ўқиши ва ишлаши тақиқланаётган вилоятлар ҳам бор.

Суратда: Кобулликлар Чаман-e-Хозорий паркида крикет ўйнамоқда / Bernat Armangue / AP

«Толибон»нинг аввалги бошқаруви пайтида Афғонистонда амалда барча спорт турлари тақиқланган, аммо 2000 йилда крикет бўйича ўйинлар ўтказилишига рухсат берилганди. Бу спорт бўйича мусобақалар Афғонистонда XIX асрда британияликлар томонидан оммалаштирилган, 1995 йилга келиб миллий крикет федерацияси ташкил этилган, олти йил ўтиб, толиблар ҳали бошқарувда эканида федерация Халқаро крикет кенгашига аъзо бўлганди. 3 сентябрь куни Кобулда толибларнинг иккинчи ҳукмронлиги даврида илк марта крикет бўйича мусобақа ўтказилди. Трибуналарда мусобақани томоша қилиш учун тўрт минг мухлис ташриф буюрди, уларнинг орасида бирорта аёл йўқ эди.

Фото: Bernat Armangue / AP

Толиблар крикет бўйича эркаклар жамоасига бошқа давлатлар жамоалари билан беллашишга рухсат берган ва ҳатто жамоанинг ноябрь ойида Австралияга қарши синов учрашуви ўтказишини қўллаб-қувватлаган. Аммо «Толибон»нинг маданият бўйича комиссиясининг собиқ раҳбари Аҳмадуллоҳ Восиқнинг маълум қилишича, афғон аёлларига спорт билан, хусусан крикет билан шуғулланишга рухсат берилиши амримаҳол. Унинг қўшимча қилишича, бу спорт турида уларнинг юзи ёки баданининг бир қисми очилиб қолиши мумкин ва бу ислом нормаларига тўғри келмайди.

Ҳозирда толиблар крикет ўйнаган аёлларни изламоқда, спортчилар эса уларнинг таъқибидан яширинишга мажбур, дея хабар берган BBC. Халқаро крикет кенгаши эса ўзи билан ҳамкорлик қилувчи барча миллий жамоалардан аёллар жамоасига ҳам эга бўлишни талаб қилади, синов учрашувларида кенгаш аъзолари учун ўрнатилган қоидаларга амал қилганларгина иштирок этиши мумкин. Якунда Австралия Афғонистон билан ўйинни мамлакат ҳукумати аёллар спортига бўлган муносабатини қайта кўриб чиққунига қадар вақтинча бошқа муддатга қолдирди. Афғонистон крикет федерацияси раҳбари Азизуллоҳ Фазлий толиблар аёлларнинг мазкур спорт тури билан шуғулланишини расман тақиқлаш ёки ушбу қарорни ўзгартириш борасида бир тўхтамга келмаганини айтиб, эркаклар жамоаси декабрда Австралия билан ўзаро ўйин ўтказишига умид билдирган.

Фото: Felipe Dana / AP

Толиблар келгач, ташқи кўринишга тааллуқли чекловлар эркакларни ҳам четлаб ўтмади. Aljazeera нашри қайд этишича, улар ҳам ғарбча кийинишни тўхтата бошлаган. Аввалги даврда давлат хизматчилари замонавий кийимларда юришни афзал кўрган бўлса, энди улар ҳам анъанавий либос - узун кўйлак ва шимни (шалвор-камиз) маъқул кўришмоқда. Толибларнинг ўзи ҳам шундай кийимларда юришади, транспорт ҳаракатини тартибга солиш ва назорат-ўтказиш пунктида хизмат қилувчи жангарилар эса кўк рангли камуфляж формаларда ишлашади.

Фото: Bernat Armangue / AP

Толибларнинг эркакларга нисбатан қатъий қоидалари фақат кийиниш билан чекланмади. CNN маҳаллий департаментга асосланиб хабар беришича, Ҳилманд вилоятида сартарошларга мижозларнинг соқолини олиш ва иш вақтида мусиқа қўйиш тақиқланган. Кобулдаги энг катта салонлардан бирининг эгаси ҳам фаолиятида шундай тақиққа учраган.

Кобулдаги қочқинлар лагерида озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилмоқда / Bernat Armangue / AP

«Толибон» Афғонистонни назоратига олгач, минглаб кишилар ўз уйларини тарк этган, БМТ маълумотларига кўра, мамлакат ичкарисида қочқинга айланганлар сони 550 мингга етади. Июль ойидан бошлаб қишлоқ ҳудудлар аҳолиси Кобул ва катта шаҳарлар томон ҳаракатланди, пойтахтдаги қочқинларнинг аксар қисми Ғазни ва Логар вилоятларига мансуб. Ички қочқинлар лагерларида пластик бўлаклардан ясалган бир палаткада бир неча киши яшаётган ҳолатлар ҳам учрайди. Бундай ҳудудларда ичимлик суви муаммо, одамлар гигиена қоидаларига ҳам риоя қилишмайди. Пандемия бошидан буён Афғонистонда COVID-19га чалиниш билан боғлиқ 155 минг ҳолат қайд этилган, 7,2 минг киши касалликдан вафот этган, аммо ҳақиқий рақамлар аслида каттароқ бўлиши мумкин - лагерлардаги беморлар тест топшириши имкони йўқ.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top