22:12 / 06.10.2021
11988

НАТО Россиянинг ташкилотдаги миссияси ходимлари сонини икки бараварга камайтирди. Бунга “душманларча фаолият” сабаб бўлгани айтилмоқда

НАТО 2018 йил марти охирларида Россия миссиясининг етти нафар ходимини чиқариб юборган ва яна уч кишига аккредитация беришни рад этганди.

Фото: AFP

НАТО раҳбарияти Россиянинг ташкилотдаги миссиясини икки бараварга камайтиришга – саккиз нафар дипломатни чиқариб юбориш ва яна иккита ўринни қисқартиришга қарор қилди. Sky News телеканалининг маълумот беришича, бунга эҳтимолий душманларча фаолият сабаб бўлган.

Россиялик саккиз нафар дипломат аккредитациядан маҳрум этилгани ҳақида биринчи бўлиб Sky News телеканали муҳаррири Дебора Ҳейнс хабар қилди.

“НАТО эҳтимолий душманларча фаолият, хусусан, қотилликлар ва жосусликларга жавобан Россиянинг альянсдаги миссиясини тенг ярмига қисқартиришга қарор қилди. Разведканинг яширин ходимлари деб ҳисобланаётган саккиз дипломатнинг чиқиб кетиши сўралди, яна иккита ўрин қисқартирилади”, – деб ёзди Ҳейнс твиттерда.

Россиянинг НАТО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси ходимлари сони 20 нафар бўлиб, эндиликда улар 10 нафаргача камайтирилади.

Кейинроқ НАТО вакиллари доимий ваколатхонанинг саккиз нафар ходими аккредитациядан маҳрум қилинганини тасдиқлади.

“Биз Россия разведкасининг махфий ходимлари ҳисобланган Россиянинг НАТО ҳузуридаги ваколатхонасининг саккиз нафар ходими аккредитациядан маҳрум қилинганини тасдиқлаймиз. Шунингдек, Россия Федерациясининг НАТО ҳузуридаги аккредитациялари сони ўнтагача қисқартирилганини ҳам тасдиқлаймиз”, – дея альянсдаги манбадан иқтибос келтиради РИА Новости.

Россиянинг НАТО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси ушбу хабар бўйича изоҳ беришдан бош тортди.

“Биз ҳеч қандай изоҳ бермаймиз”, – деди Россия миссияси вакили ТАСС агентлигига.

Россиянинг НАТО ҳузуридаги дипломатик ваколатхонаси 1998 йилда ташкил этилган. 2002 йил майда Россия-НАТО кенгаши тузилган.

Альянс ва Россия ўртасидаги муносабатлар 2008 йил августда Грузиядаги уруш фонида ёмонлаша бошлаганди – ўшанда Россия-НАТО кенгаши фаолияти тўхтатиб қўйилган, кейинчалик қайтадан иш бошлаганди.

2014 йил мартда Россия Қримни аннексия қилганидан сўнг НАТО билан муносабатлар яна ёмонлашди. Альянс Россия билан барча турдаги фуқаровий ва ҳарбий ҳамкорликни тўхтатди, 2014 йил сентябрда эса Россия совуқ уруш тугаганидан сўнг биринчи марта НАТО саммитига таклиф этилмади. Россиянинг альянс ҳузуридаги доимий ваколатхонаси ходимлари кескин камайтирилди.

2018 йилда Россиянинг НАТО ҳузуридаги доимий вакили Александр Грушко лавозимидан озод этилди, ўшандан буён ўзаро ҳамкорлик тўхтатилгани боис вакил ўрни бўш турибди. 

2018 йил март ойи охирларида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг альянс ҳузуридаги миссиясининг етти ходими чиқариб юборилишини ва яна учтасига аккредитация бериш рад этилганини маълум қилди. Бунгача Сергей Скрипал ва унинг қизи заҳарланиши иши бўйича Британия билан бирдамлик рамзи сифатида 20 дан ортиқ мамлакат россиялик дипломатлар чиқариб юборилишини эълон қилганди.

Top