19:30 / 07.10.2021
3727

Вазирлик мулозими: «Совуқ урган кузги экинлар зарарини баҳордагиси билан қоплаш бўйича ишлаяпмиз»

7 октябрь куни Миллий матбуот марказида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сўнгги 5 йиллик фаолияти юзасидан матбуот анжумани ташкил қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда таъкидланишича, 2017-21 йиллар давомида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида 17 та қонун, президентнинг 29 та фармони ва 143 та қарори, ҳукуматнинг 183 та қарори қабул қилинган.

Республикада ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, 60 га яқин туман мева-сабзавотчилик етиштиришга ихтисослаштирилган. Шунингдек, мева-сабзавотларнинг экспорт географияси ва ҳажми ошиб, 90 дан ортиқ мамлакатга 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар экспорти бошланган.

Тадбирда журналистлар томонидан Ўзбекистонда ҳар йили эрта баҳорда кўп миқдордаги мева ва сабзавот маҳсулотларини совуқ уриб кетаётгани, бунга эса Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Гидрометеорология маркази билан муносабатларни тўғри йўлга қўймагани сабаб эканлиги борасида савол билан мурожаат қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Асрор Жўраевга кўра, ҳақиқатан ҳам об-ҳаво ва иқлим ўзгаришлари ҳақида деҳқон ҳамда фермерларни огоҳлантириш тизимида кўплаб муаммолар мавжуд.

Асрор Жўраев

«Биз бу камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қанча ишларни амалга оширяпмиз. Масалан, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш бўйича мобил иловалар яратиб, Гидрометеорология хизмати билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.

Бу муаммолар жаҳонда ҳам бор. Чунки иқлим ўзгаришларига тайёр туриш, унинг олдини олиш ва зарарини камайтириш бўйича катта иш қилиб бўлмайди. Чунки қурғоқчилик келиши, ҳароратнинг тушиб ёки кўтарилиб кетишининг олдини олиш мумкин эмас. Уни фақатгина бошоратлаш мумкин.

Бу йилнинг ўзида табиат инжиқликларининг иқтисодимизга таъсирини кўриб турибмиз. Вазирлик ҳозир шу шароитларга қараб экинларни жойлаштириш устида ишлаяпти. Кузги экинлардан зарар кўрсак, бу зарарни баҳорги экинлар билан қоплаш бўйича», – деди Асрор Жўраев.

Top