11:55 / 10.10.2021
10399

ССВ коронавирусга чалинган беморлар таомномасидан қандай егуликлар ўрин олгани тўғрисида маълумот берди

Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида беморларнинг кунлик рациони қандай шакллантирилган? 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Коронавируснинг юқиши ҳам, тузалиши ҳам бир асосий омилга боғлиқ. Бу — иммунитет! Тананинг қувватга кириши учун эса нафақат дори-дармонлар, балки соғлом турмуш тарзи ниҳоятда муҳим. 
 
Шу сабабли шифокорлар COVID-19 муолажасида енгил жисмоний фаоллик ва нафас машқларидан ташқари, овқатланиш рационига ҳам алоҳида эътибор қаратишади. Хусусан, бундай беморлар таомномасидан оқсилга бой озиқ-овқат неъматлари жой олиши зарур», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
 
Муассаса директори ўринбосари Олимжон Исҳаков шу ҳақда гапирар экан, шифохона ошхонаси аутсорсинг тизимида ишлаши, эрталабки ва кечки статистик маълумотлар, яъни беморлар сони ва тоифасига кўра овқат тайёрлашга киришилишини гапириб берди.  
 
«Таомномамиз парҳезбоп егуликлардан иборат. Аммо ҳар бир беморга индивидуал ёндашамиз. Масалан, реанимация бўлимида муолажа олаётганларга 1-стол, қандли диабет касаллиги борларга 9-стол, одатдаги беморларга эса 15-стол таомномаси мўлжалланган.

Овқатларимиз санитария қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда пиширилади. Ҳар бир бемор учун алоҳида идиш ажратилган. Тановулдан сўнг улар уч босқичда дезинфекция қилинади. Икки ҳафта ўтиб янгиланадиган таомнома рўйхати бой. Жумладан, турли бўтқалар, тухум, бринза, пишлоқ, сметана, какаоли сут, ширин чой, булочка, сариёғ эрталабки нонуштага берилса, тушлик икки хил овқат, салат, шарбат кабилардан иборат бўлади. Кечки овқат эса оқсилга бой, иммунитетни кўтаришга хизмат қилиши баробарида, ҳазми енгил бўлиши шарт», дейди у.  
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вакиллари Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига борган куни беморларга тушлик тарқатиш жараёнини яқиндан кузатишди. Бу галги таомномадан мампар, ош, қатиқли салат, шарбат ва нон ўрин олган экан.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

 
 
«Бу ерда даволанаётганимнинг бешинчи куни. Кун сайин ҳолатим яхшиланиб боряпти. Ўпкамдаги оғриқлар пасайган. Қувватим аста-секин тикланмоқда. Касалхонага ётган илк кунимда оиламиз аъзолари елим идишларда озиқ-овқат киритиб юборишибди. Лекин бунга ҳожат йўқ экан. Бу ернинг таомлари мазали ва тўйимли. Шу билан бирга, ҳазми енгил. Ортиқча егуликларга эҳтиёж сезаётганимиз йўқ», — дейди бемор Д. Жалилова. 

Top