13:19 / 12.10.2021
8506

Сардоба фожиаси каби ҳолатни мен ўзим киноларда ҳам кўрмагандим – Шавкат Мирзиёев

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Бухорода сайловчилар билан учрашув давомида Сардоба фожиаси ҳақида гапириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Сирдарё воқеаси ҳақида хабар беришганида зудлик билан етиб бордим. Сардоба фожиаси каби ҳолатни, у ердаги манзарани мен ўзим киноларда ҳам кўрмагандим. Ҳамма ёқ сув, болалар дарахтларга чиқиб ўтиришибди. Зудлик билан барча кучларни сафарбар қилдик. Афсуски, Миллий гвардиямиз аскарлари орасида қурбонлар ҳам бўлди. Худди шундай Қоракўл, Олот туманларидаги табиий офатларни ҳам бевосита кузатганман, зарур чораларни кўрганмиз.

Пандемия ҳам бизни қаттиқ синади. Бир йиллаб бутун иқтисод тўхтаб қолган йил бўлмаган. Ҳамма ёқ ёпилиб қолди. Лекин ойлик беришимиз керак, халқ тирикчилик қилиши керак. Бизда эпидемиология фани ривожланишдан бутунлай тўхтаб қолганди. Ҳалигача чет эллардан мутахассисларни чақиртиряпман – мақсадим, мутахассисларимиз тажриба орттиришсин. 

Лекин Ўзбекистонда эпидемиология бўйича катта мактаб бор эди, шу ҳудудларда оғир касалликлар тарқалганида ўз олимларимиз курашган. Бекорга фақат илм, фақат инновация ривожланишни таъминлайди. Буюк илмнинг бешиги қаер – Бухорои шариф”, – дея президентликка номзоднинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top