08:39 / 14.10.2021
4123

Айрим фаолият турлари учун Марказий банкни хабардор қилиш етарли экани белгиланди

Фото: Kun.uz

«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» қонун қабул қилинди.

«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонун 651-модда билан тўлдирилди, бунда амалга ошириш учун МБни хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият турлари рўйхати белгиланган:

  • ломбард фаолиятини бошлаш ёки тугатиш;
  • нақд хорижий ва (ёки) миллий валютани республикага олиб кириш;
  • банк филиали ёки банк хизматлари офисини очиш ёки тугатиш;
  • тўлов ташкилотини қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш);
  • электрон пуллар эмитентининг электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятни бошлаш ёки тугатиш;
  • микрокредит ташкилотининг филиалини, микрокредит ташкилотининг чакана хизматлар маркази шаклидаги филиалини ташкил этиш ёки тугатиш.

МБ бошқа функциялар билан бир қаторда:

  • рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беради;
  • хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият (ҳаракатлар) бошланиши ва тўхтатилиши ҳақида хабарномаларни қабул қилади;
  • хабарномалар устидан назоратни амалга оширади;
  • фаолиятни (ҳаракатларни) тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини белгилайди;
  • рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрларини юритади.

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасига мувофиқ банклар Ўзбекистонда филиаллар, банк хизматлари офислари ва бошқа алоҳида бўлинмалар очиши мумкин. Банклар ўз филиали ёки банк хизматлари офисини очганлик ёки тугатганлик тўғрисида МБга белгиланган тартибда зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабарнома юборади. МБни хабардор қилмай амалга ошириладиган фаолият қонунга хилофдир.

Банк молиявий ҳисоботининг ва банклар гуруҳи консолидациялашган молиявий ҳисоботининг аудиторлик текшируви штатида МБнинг банкларда аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатига эга камида икки нафар аудитори (аудиторлик ташкилоти раҳбарини ҳисобга олган ҳолда) мавжуд бўлган аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказилиши мумкин.

Top