15:23 / 16.10.2021
19816

1 мартдан ID-картаси бор ҳайдовчилар бошқа ҳужжатларни кўрсатиши шарт бўлмайди

1 мартдан кучга кирадиган тартибга асосан, ҳайдовчи ЙПХ инспекторига тақдим этиши керак бўлган ҳужжатлари ёнида бўлмаса, бу ҳужжатлар махсус планшет ёрдамида ҳайдовчининг ID-картаси орқали текширилади.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Бу – 15 октябр куни қабул қилинган ҳукумат қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга асосан, 2022 йилнинг 1 мартидан ID-картаси бор ҳайдовчилардан қуйидагиларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади:

  • янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси;
  • транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, транспортга эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, ушбу тартиб фақат ID-карта эгаларига тааллуқли. Биометрик паспорт эгаларига амал қилмайди.

“Бу дегани “права”, ишончнома ёки суғурта полиси умуман бўлмаса ҳам машина ҳайдаш мумкин дегани эмас. Улар албатта бўлиши керак, фақат уни ёнида олиб юриш шарт бўлмайди”,деб ёзган ҳуқуқшунос Telegram-каналида.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси уйда қолиб кетган ҳайдовчининг ID-картаси бўлмаса, аммо ёнида биометрик паспорти бўлса, у жавобгарликка тортиладими?

Kun.uz'нинг бу саволига ички ишлари вазирининг матбуот котиби, полковник Шоҳрух Ғиёсов шундай жавоб берди:

“Фуқаролар текшируви ID-картанинг идентификацион номери бўйича амалга оширилади. Ҳозирги кунда аниқ йўриқнома ишлаб чиқиш устида иш кетмоқда. Бу тизимнинг ютуқ ва камчиликларини тажриба кўрсатади”.

Аввалроқ жамоатчилик томонидан ID-карта ва янги шаклдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини бирлаштириш таклиф қилинганди.

Сўнгра ИИВ ЙҲХБ 2021 йилнинг 1 сентябридан ID-картаси бор ҳайдовчиларнинг транспорт воситаси техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситаларини бошқариш учун берилган ёки олинган ишончнома ва суғурта полисларини идентификацион рақам ёрдамида текшириш амалиёти Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилаётгани ҳақида хабар берганди.

Хабарда йўл-патрул ходимлари хизматда фойдаланиш учун бириктирилган планшетлар ёрдамида ID-картаси бор ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари, жумладан, ҳайдовчилик гувоҳномаларини “e-Protokol” ахборот тизими орқали текшириб кўриши учун имконият яратилгани айтилганди.

Top