15:30 / 16.10.2021
5269

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Коррупцияга қарши курашиш тизими халқаро мувофиқлик сертификатига эга бўлди

Сўнгги йилларда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида тармоқ фаолиятини такомиллаштириш, давлат раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан белгиланган вазифаларнинг ижросини юқори даражада таъминлаш бўйича жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан 2020 йил 4 апрелдаги фармонларига асосан нефть ва газ соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, улар фаолиятида шаффофликни таъминлаш, моддий техник базаларини модернизация қилиш, юқори малакали ходимларни, шу жумладан, хорижий мутахассислар ва хориждаги ватандошларни жалб қилиш, шунингдек, нефть ва газ саноатининг барча корхоналарида коррупцияга қарши “Комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш топширилган эди. Албатта, узоқни кўзлаб қабул қилинган ушбу ислоҳотлар бугунги кунда ўз маҳсулини бермоқда.

Хусусан, мазкур топшириқнинг самарали ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг май ойида акциядорлик жамиятида Молиявий ва комплаенс назорат департаменти, сентябрь ойида унинг Жамият тизим корхоналаридаги, жумладан барча бошқармалар, заводлар ва нефть базаларидаги фаолияти йўлга қўйилди.

Фаолият давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқилиб, Президент Администрацияси томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида Жамият ва унинг таркибига кирувчи корхоналар, завод-бошқармалар ва нефть базаларида коррупция хавфи сабабларини ўрганиш, келгусида олдини олиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш, коррупцияга қарши курашиш сиёсатини кенг татбиқ этишга қаратилган тадбирлар амалга оширилди.

Ҳозирга қадар Жамиятда коррупциянинг олдини олишга ва комплаенс фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган жами 30дан ортиқ ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва Жамият бошқаруви томонидан амалиётга қабул қилинди. Шундан 18 та ички меъёрий ҳужжат БМТнинг тараққиёт дастури лойиҳаси бўйича КПМГ халқаро аудиторлик консалтинг компанияси экспертлари билан биргаликда амалиётга жорий қилинди.

“Корпоратив ахлоқ кодекси”, “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати”, “Одоб ахлоқ комиссияси тўғрисида”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича”, “Бизнес тадбирлар ва вакиллик харажатлари тўғрисида”, “Коррупцион хатарларни аниқлаш ва баҳолаш методологияси”, “Коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлиги бўйича мониторинг ва назорат методикаси” ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ушбу даврда харид фаолияти очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида Жамиятнинг харид тизими тубдан қайта ташкил этилди.

Жамият ходимлари ва фуқаролар ўртасида юзага келадиган турли масалаларни тезкор ҳал қилиш мақсадида турли алоқа каналлари йўлга қўйилди (compliance@ung.uz, @ung_anticorBot).

Коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш мақсадида Жамият тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг моддий-ижтимоий таъминотига, айниқса, бутун жаҳонда кечаётган пандемия шароитида уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, коррупция ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш, фаолиятда инсон омилини камайтириш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жамиятда босқичма-босқич рақамлаштириш жараёнлари давом этмоқда.

Жамиятда молиявий интизомни мустаҳкамлаш, коррупцион хатарларни камайтириш ва турли талон-торожликлар, ноқонуний ҳолатларни камайтириш ва энг асосийси уларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламда назорат-профилактик ишлар амалга оширилмоқда.

Афсуски, тизимда фаолият кўрсатувчи айрим нопок ходимлар томонидан шахсий манфаатларини кўзлаб хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиш ва талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бундай салбий ҳолатларга тегишли ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида 11 та тизим ташкилотлари фаолияти бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Бу жараёнда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия томонидан жуда катта амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Шунингдек, йўл қўйган хатоликлари учун 100дан ортиқ ходимга амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган қатъий интизомий чоралар қўлланди.

Биргина жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган профилактик назорат ишлари натижасида 119,5 млрд сўмлик хатоликлар бартараф этилди ва 121,8 млрд сўмлик ноўрин харажатларнинг олди олиниб, тежаб қолинди.

Таъкидлаш жоизки, Жамиятда олиб борилаётган юқоридаги жараёнлар бўйича Жамиятда жорий қилинган коррупцияга қарши тизим фаолиятини таҳлил қилган ҳалқаро экспертлар томонидан ҳам ижобий баҳо берилди.

Натижада мутахассислар томонидан Жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасида олдига қўйган мақсадлари, халқаро стандарт талаблари амалиётга ҳақиқатда татбиқ этилаётгани тасдиқланиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖга Жанубий Кореянинг “G-CERTI Co., Ltd.” халқаро аудиторлик ва сертификатлаш ташкилоти томонидан коррупцияга қарши курашиш механизми амалда самара бераётганининг асосий кўрсаткичи ҳисобланувчи ISO 37001:2016 мувофиқлик сертификати тақдим этилди.

Жамиятнинг “Коррупцияга қарши курашиш” сиёсатини амалиётга кенг татбиқ этиш ва коррупцияга оид турли хавфларини бартараф этишда нафақат масъул мансабдор шахсларнинг, балки Жамиятнинг ҳар бир ходимининг иштироки муҳим ҳисобланади.

Ушбу ISO 37001:2016 мувофиқлик сертификатининг қўлга киритилиши “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоасига билдирилган ишончни янада тўлиқ оқлашни ва келгусида коррупцияга оид хатарларни камайтиришда, шунингдек, тизимни молиявий соғломлаштиришда янада масъулиятли бўлган ҳолда меҳнат қилишни тақозо этиб, албатта тизимда бу каби ишлар изчиллик билан давом эттирилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top