15:39 / 21.10.2021
11805

Ўз касбига фидойи фарғоналик фаррош: у фарзандлари ўқимишли бўлишини истайди

Қор, ёмғир, жазирама қуёш, чанг-тўзон... Ҳеч бирига қарамасдан доим кўчага чиқадиган кишилар бор. Қишнинг аёзли кунларида совуқ сувда чайилган поллатта билан мактаблардан бирида синфхоналарни тозалаб келаётган фаррош аёл билан суҳбатлашдик.

Фарғона шаҳридаги мактаблардан бирида фаррошлик қилиб келаётган Каримахон Тўрақулова маоши ҳаминқадар бўлса-да, борига шукр қилиб ўз ишини сидқидилдан бажариб келади.

«1974 йилда туғилганман. Қувасой шаҳрининг Пакана маҳалласида яшайман. Саҳарда туриб, ишга келаман. Мактабда соат 8:00да дарс бошланади. Дарс бошлангунча ҳамма ёқни супуриб-сидириб саранжомлаб қўямиз.

Хоналар ва теварак-атрофни тозалаб қўйгач, ҳамкасбларим билан соат 9 ларда чой ичишга ўтирамиз. Ундан кейин эса яна пол артишга тушиб кетамиз.

4 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим заводда ишлайди. Кундалик юмушимиз мактаб ҳудудини тозалашдан иборат. Бир кунда 8 соат ишлаймиз. Мактаб 2 сменада ишлагани учун ҳам тонг саҳарда, соат 4 да туриб келишга тўғри келади. Ўқувчилар мактабга келгунича хоналарни тозалаб қўйиш керак. Уйдан мактабгача бир соат йўл босаман. Ишларимизни қилиб бўлиб, соат 12 ёки 13 ларда уйга қайтамиз».

Ишга олисдан қатнаши, топаётган маоши ва фарзандлари ҳақида

«Уйга қайтиб нон ёпаман, овқат пишираман, кир юваман. Хуллас, уй юмушлари билан банд бўламан.

700 минг сўм ойлик оламан. Яшаб турган уйимиз мактаб ҳудудидан олисда бўлгани учун йўлкира қопламайди. Ишга қатнаш муаммо. Йўлкира учун кунлик харажатимиз 6-7 минг сўмни ташкил қилади. Ҳафтада 6 кун ишлаймиз. Тушликни мактабда қилсак қиламиз йўқса, уйга бориб тушлик қиламиз. Сабр-тоқат қилиб ишлаб юрибмиз. Ўқитувчиларнинг бизга бўлган муносабати ҳам яхши.

Тўнғич қизим бухгалтерия соҳасида ўқиган. Уни турмушга узатганмиз. Бир неварам бор. Иккинчи ва учинчи қизларим педколлежда таҳсил олган. Кичик қизларим текстил корхонасида ишлайди. Уларни ҳам келажакда олий маълумотли қилиш ниятим бор. Агар ўқишга кира олишмаса, турмушга узатаман.

Ўғлим бу йил мактабни тамомлади. Ўқишга топширган эди. Озгина балл етмай қолди. Кейинги йили ҳам омадини синаб кўрмоқчи».

Ўқитувчиларга ҳавас қилиши, фаррошлик касбининг оғриқли томонлари, қишда ишга келиб-кетишга қийналиши ҳақида

«Ўқитувчиларга қараб, тўғриси, уларга ҳавас қиламан. Уларни ҳурмат қиламан. Ўқитувчиларни кўриб туриб ҳам қизларимни олий таълим даргоҳида ўқитишни хоҳлайман. Ёшлигимда мен ҳам ўқимоқчи бўлиб тиббиёт техникумига ҳужжат топширгандим. Лекин кира олмаганман. Ҳатто ҳозир ҳам олийгоҳга кириб ўқигим келади».

«Фаррошликда энг қийин нарса шуки, саҳарда келиб, меҳнат қилиб ҳамма ёқни чиройли қилиб ҳавас билан тозалаб қўйсангиз, бошлиқ ёки бирор ходим кайфиятингизни бузиб қўйса, ўшанда ишлагингиз келмай қолади. Лекин нолимайман, фаррош шерикларимнинг ҳаммаси яхши.

Қишлоқдан саҳарда ишга келиш қийин. Йўловчи машина бирда бўлиб, бирда бўлмайди. Айниқса, қишда автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар бўлгани учун ишга келиб-кетиш муаммо бўлиб қолади. Қийналсак ҳам ишга амаллаб етиб келамиз.

Ойлигим оз. Топган маошим қопламайди. 700 минг сўм оз. Лекин ишлаш керак, пенсияга стаж керак».

Фаррош аёл ўз ишидан нолиган пайтлари ҳам бўлган. Аммо у бошқалар қатори яшаш учун курашади.

«Қишда хоналарни тозалаш бироз муаммоли. Иссиқ сув кам бўлади. Кўпроқ совуқ сувда ишлаймиз. Қўлқоп кийиб ўзимизни эҳтиёт қилиб ишлашга ҳаракат қиламиз. Жоним азобланиб кетган вақтларда нолиган пайтларим ҳам бўлган. Фаррош шерикларим ва мактаб жамоаси яхши бўлгани учун шаштимдан қайтаман.

Ойлик харажатим кўп. Газ, светга тўлов қилиш керак. Бошқа харажатлар ҳам бор: рўзғор, тирикчилик дегандек. Шунга қарамай маошни етказишга ҳаракат қиламиз. Яшаш керак, ҳаракат қилиш керак. Инсон ўзи учун ўзи курашиши керак. Шунга тоқат қилиб ишлаймиз.

Яқинда қиз чиқараман. Тўй бошлаб қўйдик. Иккинчи қизимни узатаман.

Мактабда фаррош бўлиб ишлаётганимга бу йил 6 йил тўлади. Ўғлим ўқишга кира олмагач, ҳозирда устачилик қиляпти.

Хўжайиним шифер заводда ишлайди. Ойлик маошлари етиб турибди. 1,5 миллион сўм атрофида маош олади», — дейди у.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов.

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top