18:51 / 22.10.2021
10943

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон КХШТдаги иштирокини тиклашга зарурат кўрмаётганини айтди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, республика ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик шакли вазиятдан келиб чиқиб ўзгариши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон КХШТга аъзолигини тиклаш учун зарурат бор деб ҳисобламайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик журналистларга берган интервьюсида айтди.

"Бугунги кунда Марказий Осиё ва Ўзбекистонга полклар, армиялар, дивизиялар ҳужум қилади деган тахмин билан Ўзбекистоннинг КХШТга қайтиши учун зарурат кўрмаяпмиз. Шу билан бирга, Афғонистон ҳудудида қолишда давом этаётган алоҳида террорчилик ташкилотлари томонидан бўладиган таҳдид ва чорловларни истисно қилмаслик керак. Гап КХШТга кириш ҳақида бормаяпти. Гап хавфсизлик соҳасида жамоавий ҳамкорлигимизни қандай қилиб самарали ташкил этиш ҳақида бормоқда", - деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Комиловнинг сўзларига кўра, республика ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик шакли вазиятдан келиб чиқиб ўзгариши мумкин.

“Ҳарҳолда айни пайтда Ўзбекистоннинг КХШТга аъзолигини тиклаш учун зарурат кўрмаяпмиз. Аммо хавфсизлик масалалари бўйича Россия Федерацияси, қўшни давлатлар билан параллел равишда фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда”, – деди Комилов.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти – ҳарбийлаштирилган минтақавий халқаро ташкилот ҳисобланиб, 1992 йил 15 май куни Тошкентда имзоланган халқаро битим доирасида тузилган. Унга совет иттифоқининг тўққиз республикаси аъзо бўлиб кирганди.

Ҳозирда бу ташкилотга фақат Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон биринчи марта 1999 йил 2 апрелида ушбу ташкилотдан чиқиб кетган. Кейинчалик, АҚШ ва Ғарб давлатлари билан муносабатлар совуқлашиши ортидан 2006 йил 16 августда Ўзбекистоннинг КХШТга аъзолиги тўлиқ тикланади.

2012 йил 28 июнида Ўзбекистон бу ташкилотдан яна чиқиб кетди ва қайтиб қўшилмади.

Top