11:27 / 29.10.2021
52354

Метакоинот, ақлли кўзойнаклар, ўйин ва иш учун алоҳида аккаунт ҳамда аватарлар: Цукерберг нималар ҳақида гапирди?

Компания эндиликда ўзини ижтимоий тармоқ билан эмас, метакоинот билан боғламоқчи.

28 октябрь куни Марк Цукерберг Facebook Connect 2021 онлайн тақдимотида сўзга чиқди. У ерда компаниянинг VR ва AR соҳасидаги сўнгги ютуқлари, «метаборлиқ»ни ривожлантириш бўйича режалар, шунингдек, компаниянинг номи ҳақида гапирилди.

«Метакоинот»

  • Facebook метакоинотни ривожлантиришни режалаштиряпти. Метакоинот шундай виртуал оламки, унда VR ва AR технологиялардан бирдек фойдаланилади. 
  • Фойдаланувчилар аватарлар ёрдамида виртуал оламда бир-бири билан мулоқот қилишади.
  • «Оддий» интернетнинг барча контентини метакоинотда голограммалар кўринишида томоша қилиш мумкин бўлади.
  • Facebook Horizon Workrooms сервиси ва Horizon Home виртуал уйида ўз иш ўрнини яратишни таклиф этади.

Ўйинлар ва фитнес

  • VR’да кўплаб янги ўйинлар пайдо бўлади. Улар ҳақида Oculus Gaming Showcase  тадбирида гап боришига ваъда берди.
  • Метакоинотда турли жойларда бўлган фойдаланувчилар спорт билан биргаликда шуғулланишлари, қўшимча реалликка эга ўйинларни ўйнашлари мумкин.
  • Ўйин ва иш учун алоҳида аккаунт ва аватарлар яратиш мумкин бўлади.
  • Цукерберг GTA чиқиши бўйича алоҳида хабар берди: Oculus учун San Andreas биринчи шахс номидан ўйнаш имкониятига эга.

Метакоинотда таълим

  • Метакоинотда таълим янада интерактив бўлади. Тиббиёт ходимлари виртуал реалликда машқ қилишлари, бўлажак астрономлар эса фазо объектларини яқиндан ўрганишлари мумкин.
  • Фойдаланувчилар машинанинг 3D моделини юклаб олишлари, уйлари учун таъмирни синаб кўришлари, шунингдек, голограммалар ёрдамида Қуёш тизими сайёраларини кўздан кечиришлари мумкин.
  • Янги реалликда таълим олиш учун Facebook ўз кўзойнакларини таклиф этяпти.

Янги иқтисодиёт

  • Сервислар учун ҳақ тўланиши одамларни узоқлаштиради. Шунинг учун Facebook ўз сервислари учун нархни минималлаштириш ёки тўловларни бекор қилишни режалаштирган.
  • Метакоинотда фойдаланувчилар учун оламлар ва шахсий нарсалар яратадиган муаллифларнинг янги тури пайдо бўлади.
  • Facebook тадбиркорларга мижозлар билан ҳамкорлик қилиш учун янги майдончалар тақдим этади.

Дастурчилар учун воситалар

  • Facebook дастурчиларга метаборлиқ учун илова яратишни енгиллаштириш мақсадида SDK тўпламини тақдим этади.
  • Компания ишланмалари қўл ҳаракатига реакция қилиш созламаси ва инсон нутқини расшифровка қилишни соддалаштиради.

Project Cambria

  • Facebook метакоинотда алоқада бўлиш учун янги «ақлли» кўзойнаклар устида иш олиб боряпти.
  • Project Cambria номли AR кўзойнаклар 2022 йилда чиқади.
  • Сентябрь ойида Ray Ban билан ҳамкорликда «ақлли» кўзойнаклар устида ишлаш фойдаланувчиларни смартфон экранидан узоқлаштириш учун биринчи қадам бўлди.

Янги ном

  • Facebook ўзининг барча ҳаракатларини метаборлиқни ривожлантиришга қаратади.
  • Компания номини Meta деб ўзгартиришидан мақсад – у ўзини ижтимоий тармоқ билан эмас, метакоинот билан боғламоқчи.

Трансляцияни Facebook ва YouTube’да такроран томоша қилиш мумкин.

Top