18:24 / 04.11.2021
13958

Нархлар ошишига нималар таъсир қилди? МБ октябрь ойи учун инфляция динамикаси шарҳини тақдим этди

Октябр ойида картошка 14 фоизга, тухум 11,2 фоизга қимматлашди. Бундан ташқари, бир қатор озиқ-овқат нархлари ва бензин, шунингдек, кийим-кечак нархлари ҳам ўсган. Нархлар ошишининг сабаблари маълум қилинди.

Марказий банк томонидан 2021 йил октябр ойи учун инфляция динамикаси шарҳи тақдим этилди.

Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг октябр ойида истеъмол товарлари ва хизматлари нархлари 1,3 фоизга ошди. Инфляция ўсишига озиқ-овқат товарлари нархлари ошиши юқори таъсир кўрсатиб, гуруҳнинг оширувчи таъсири 0,8 фоиз бандни ташкил қилди.

Гўшт, тухум ва ун қанчага қимматлади?

Озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳида гўшт маҳсулотлари нархининг ойлик ўсиши 1,9 фоизни ташкил этди. Парранда гўшти нархининг ошишини (3,6 фоиз) етиштирувчилар томонидан таклиф камайгани, озуқа-ем нархи юқорилиги ҳамда иситиш харажатлари мавсумий ошгани билан изоҳлаш мумкин.

Юқоридаги ҳолатлар тухум нархига (11,2 фоиз) ҳам оширувчи таъсирни сақлаб қолди. Шунингдек, ушбу маҳсулотнинг қўшни давлатларга фаол тарзда экспорт қилиниши ички бозорлардаги нархларга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Буғдой унлари нархи ошишини (биринчи навли 2,0 фоизга, олий навли 1,4 фоизга) жорий йил мамлакатда буғдой ҳосили режага нисбатан кам бўлгани, Россия ва Қозоғистондаги қурғоқчилик туфайли ғалла ҳосили прогноз кўрсаткичларига етмагани, шунингдек, ушбу давлатлардан экспорт божи тарифлари ошиб бориши билан изоҳлаш мумкин.

Картошка рекорд ўрнатди

Жорий мавсумда картошка ҳосилининг юқори унумдор далаларда ҳам кутилганидек бўлмагани, (бунга ҳосилга киргунга қадар картошка уруғининг зарарланиши), қўшни давлатларда ушбу маҳсулот улгуржи нархлари баландлиги ҳамда импорт қилишда юк ташиш харажатлари қимматлашиши маҳаллий бозорларда картошка нархи (ойлик 14,9 фоизга) қимматлашишига сабаб бўлди.

Бензин нархи 13 фоизга ўсди

Дунёда муқобил энергия ресурслари етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар шароитида ёнилғи маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб бориши ва жаҳон бозоридаги нархининг ўсиб бориши ички бозорда ёнилғи маҳсулотлари нархига оширувчи таъсир кўрсатди. Хусусан, автомобил бензини нархи октябр ойининг ўзида 13,5 фоизга ўсди.

Кийим-кечак ва маиший техника нархларида бироз ўсиш кузатилди

Жаҳон бозорида хомашё нархи қимматлашиб бориши билан бир қаторда, ярим ўтказгичлар ва контейнерлар етишмаслиги, транспорт ва логистикадаги муаммолар ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш харажатлари ошиб кетиши импорт маҳсулотлари, жумладан, кийим-кечаклар ва маиший товарлар нархига оширувчи босимни сақлаб қолмоқда. Октябр ойида кийимлар 0,8 фоизга ўсган бўлса, маиший техника буюмлари 1,8 фоизга қимматлашди.

Маълум қилинишича, цемент нархлари 0,9 фоизга арзонлашган (бунга божларнинг нол ставкаси, ишлаб чиқариш ошиши сабаб бўлган). Бу ойда гуруч, банан, олма, анор, узум ва лимон, шунингдек, сабзавотлардан сабзи ва лавлаги нархлари ўтган ойга нисбатан арзонлашди.

Аввалроқ, Марказий банк томонидан Ўзбекистонда макроиқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийси тақдим этилганди.

Top