Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда аҳоли томонидан сезилган инфляция 17,4 фоизга етди
Апрел ойида Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 13,7 фоизни ташкил этди. Бу расмий йиллик инфляциядан 5,6 фоизга юқори. Дорилар ва тиббий хизматлар нархи ошганини ҳис қилган респондентлар улуши кескин кўпайган.
Марказий банк апрел ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 13,7 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри – 17,4 фоиз ва Наманган вилоятида – 15 фоиз, энг паст даражаси эса Қорақалпоғистонда – 9,9 фоиз ва Жиззах вилоятида – 10,9 фоиз сезилган.

Сўровномада қатнашганларнинг катта қисми бензин ва ёқилғи ҳамда дорилар ва тиббий хизматлар нархи юқори даражада ўсганлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан тиббий хизматлар ва дори воситалари учун берилган ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинганди.

Даромадлари 5 млн сўм ва ундан юқори бўлган аҳоли сезган инфляция даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори даражада шаклланган. Хусусан, 15 млн сўмдан кўп даромад эгалари сезган инфляция 17,7 фоизни ташкил қилган. Даромади 2 млн сўмгача бўлган респондентларга эса инфляция нисбатан камроқ сезилган – 12,9 фоиз.
Тошкент шаҳрида 21 фоиз ва ундан юқори инфляция сезаётганлар улуши 33 фоизга, Наманган вилоятида эса 25 фоизга етган.

Аввалроқ, апрелда истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиш даражаси 8,1 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Ўтган ойда сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ 5,6 фоиз бўлган.
Мавзуга оид
18:09 / 29.04.2026
Ижобий тенденциялар секинлашган ва ташқи хатарлар бор – МБ раиси асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилгани ҳақида
11:07 / 29.04.2026
Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
09:00 / 26.04.2026
Энерготарифлар бўйича мавҳумлик ва бюджети кесилган футбол — ҳафта дайжести
20:30 / 14.04.2026