18:32 / 05.11.2021
50751

106 нафар бола қурбон бўлган мактаб ёнғини. КГБ нега бу фожиани яширган?

Бундан роппа-роса 60 йил аввал Чувашия автоном республикасининг Эльбарусово қишлоғи даҳшатли фожиани бошдан кечирганди. Маҳаллий мактабдаги бор-йўғи 10 дақиқа давом этган ёнғинда жами 110 киши, жумладан 106 нафар бола азоблар ичра ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти 7-8 ёшда эди.

Фото: Полина Иванованинг “Элбарусово. Фожиа куни" китобидан

Собиқ иттифоқ даврида мафкуравий байрамларга жиддий эътибор бериларди. 1961 йилнинг 5 ноябрида Эльбарусово қишлоғи мактабида “Улуғ октябрь байрами”нинг 44 йиллиги тантанали тарзда нишонланиши лозим эди. Болалар шеърлар ёдлашади, янги кийимлар кийишади. Ота-оналар уларга совғалар улашиб мактабга кузатиб қўядилар. Лекин 106 бола ва 4 ўқитувчи шу куни уйига қайтмайди.

Ўз даврида қишлоқ мактаблари орасида илғор ҳисобланган Эльбарусово мактаби ёғочдан тикланганди. Байрамни ўтказиш учун икки синф орасидаги омонат девор олиб ташланади ва кенг зал қилинади. Ҳаммага жой етиши учун парталар деворлар тагига, деразалар ёнига устма-уст қўйиб чиқилади. Қишлоқларда байрамлар кам бўлгани учун барча синфлар, ўқитувчилар ва ҳатто ота-оналар мактабга келмайдиган болалари билан шу залга тўпланиб олишади.

Фото: Екатерина Дериглазова

Байрам бошланади, болалар иштиёқ билан ёдлаб келган шеърларини айтишади, қўшиқлар куйланади. Худди шу пайт қўшни хонадаги физика ўқитувчиси Михаил Иритков ўнинчи синфнинг икки ўқувчиси билан бензин двигателни созлаётган эди. Иритков бу двигатель билан байрамда болаларга кино қўйиб бермоқчи эди.

Кутилмаганда мотордаги бензин сачраб оқиб, алангаланиб кетади. Михаил Иритков озроқ каловланиб туради ва деразадан чиқиб қочади. Унинг ортидан икки ўқувчи ҳам чиқиб кетишади. Лекин уларнинг бирортаси ёнғин ҳақида хабар беришмайди, унутишади, балки шок ҳолатига тушишади. Бу пайтда катта хонада биринчи синф ўқувчилари денгизчилар рақсини ижро этишар, бошқалар уларни олқишлаб турганди.

Ёнғин шу даражада шитоб билан ёпириладики, кўпчилик гап нимадалигини англаб етишга улгурмайди. Ёғоч деворлар аланга ичра қолади, шифтдаги фанерлар чўғга айланиб одамлар устига ёғилади. Қочишнинг икки йўли бор эди – ўзини деразага урганлар парталар тўсиғига дуч келади, ўша даврга хос ёғоч парталарнинг ўзи ҳам олов манбаига айланади, эшик олдида эса даҳшатли тирбандлик ҳосил бўлади.

Эльбарусово мактаби (1950-йиллар)
Фото: Мактаб архивидан

Ташқаридагилар вазиятни англаб етгунича, музлаган ҳавзалардан сув ташиб келтиргунича бўлар иш бўлганди. Умуман, ёғочдан тикланган эски мактабнинг ёниши ва 110 кишининг умрига зомин бўлиши учун 10 дақиқа кифоя қилади. Ўт ўчирувчиларни чақириш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. У пайтлар район маркази билан тезкор алоқа воситасининг ўзи йўқ эди, бўлганида ҳам лойли йўллардан етиб келгунларича ҳаммаёқ ёниб-битган бўларди. Кейинчалик шундай бўлди ҳам, хабар топган ўт ўчирувчилар қоидага кўра воқеа жойига етиб келишади. Аммо улар учун кул уюмига сув сепишдан бошқа иш қолмаганди.

Болаларини мактабга кузатган ота-оналар дод деб ўзини ёнғин ичига уришади ва бир неча киши шу тарзда ёниб кетади. Оз-моз ақлини йиғганлар ҳаммани мактаб ҳудудига киришдан тўсиб туриш ва алангага айланиб чопаётган болаларнинг устига бирор нарса топиб ёпишдан ўзга чора топа олмайдилар.

Жами 200 нафардан ортиқ киши қатнашган байрамдаги ёнғинда 110 киши қурбон бўлади, уларнинг 4 нафари ўқитувчилар, 106 нафари болалар бўлиб, 20 нафари ҳали мактабга ҳам бормаганди. Оловдан тирик чиққанларнинг аксарияти майиб-мажруҳ бўлиб қолади, кўпчилик болалар жиддий психологик жароҳат олиб, мактабга бормай қўйишади. Қачондир тўла синфдан 4 киши мактабни битиради. Бирданига уч оила 4 нафардан фарзандидан айрилганди. Қишлоқни куйган жасадлар ҳиди анча вақт тарк этмайди.

Лекин шундай жиддий фожиа оммадан яширилади. Кечаси билан тобутлар ясалади ва болаларнинг қолдиқлари эртасигаёқ кўмиб юборилади. Иш шунчалик тез бажариладики, қайғуга кўмилиб турган ота-оналарнинг аксарияти болалари қайси қабрга қўйилаётганини ҳам билишмайди ва бу кейинчалик қатор тушунмовчиликларга сабаб бўлади. Дафн жараёнини милиция назорат қилади, фуқаро кийимида кузатиб турган КГБ ходимлари суратга туширган, ўзини ғалати тутганларни дарҳол тутиб олиб кетадилар. Шу тарзда бу жараён умуман кадрларга муҳрланмайди.

Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Ўша пайт СССР АҚШ билан беллашаётган, мавзолейдан Сталин жасади чиқариб ташланган, Хрушчев катта минбарлардан 1980-йилларга бориб коммунизм қурилишини баралла айтаётган давр эди. Бундай пайтда аллақандай эҳтиётсизлик туфайлигина бир мактаб боланинг ёниб кетиши иттифоқ обрўсига салбий таъсир қиларди.

Мактаб директори Ярукин ва физика ўқитувчиси Иритков партия сафидан ўчирилади. Директор 8 йилга, ўқитувчи 10 йилга қамалади ва улардан 21 минг 317 рубль жарима ҳам ундирилади. Ярукин 3 йилда озод қилинса-да, Иритков жазони тўлиқ ўтайди.

Умуман, чувашларнинг Эльбарусово қишлоғи ўзи кичкинагина бўлса ҳам ҳар 20 йилда жиддий фожиани бошдан кечиргани ҳайратланарли. 1921 йилда большевиклар билан ғалла талашган аксарият эркаклар бир кечада қизиллар томонидан қаторлаштириб отиб ташланади. Камига, ҳудудда “Маҳаллий қулоқлар билан жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган аскарлар”га атаб ҳайкал тикланади.

1941 йилда бошланган урушнинг дастлабки йилларидаёқ митти қишлоқнинг 143 ўғлони қурбон бўлади. 1961 йилдаги бу фожиа эса қишлоқ қалбидаги битмас ярага айланади ва ҳар йили 5 ноябрь куни марҳумлар ёдга олинади.

Аркадий Гаврилов, фожиада жиддий жароҳат олиб, омон қолган кам сонли ўқувчилардан бири
Фото: Екатерина Дериглазова

Фақат 1991 йилга келибгина бу фожиа расман ошкор қилинди, ўтганлар қабрига қабртошлар қўйилди, китоблар чоп этилди. Лекин айнан шу йилдан кейин қишлоқдан файз кетди, одамлар шаҳарга жўнашни бошлади, фожиаларни бошдан кечирса-да “ўлмаган” ҳудуд ҳувуллаб қолди.

Қишлоқ яқинида ўт ўчириш пункти ҳам бунёд этилган. Унинг ёнида эса ўт ўчирувчининг баҳайбат ҳайкали бор. Негадир унинг қиёфаси Россия президенти Владимир Путинга жуда ўхшаб кетади...

Ўт ўчирувчи ҳайкали.
Фото: Екатерина Дериглазова

Ҳозир фожиа гувоҳлари жуда кам қолган. Лекин улар ҳануз бу мавзуда шивирлаб гаплашади.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top