2000 йил Россия Ташқи разведка хизмати учун мураккаб йил бўлади. Бу хизматнинг энг яхши ходимларидан бири АҚШдан сиёсий бошпана сўрайди ва оиласи билан америкаликлар томонга қочиб ўтади.

Бундан аввал, СССР тарқаб кетишидан олдин ва кейин КГБ ва ФСБнинг кўплаб ходимлари Ғарбга қочиб кетганди. Бироқ ходимнинг қочиши ташкилот учун оғир зарба бўлади.

Чунки ходим ташкилотга тегишли жуда кўплаб махфий маълумотларни биларди ва уларни Марказий разведка бошқармасига сотиш эҳтимоли жуда юқори эди.

Амалда шундай бўлади ва собиқ КГБ ва ФСБ ходими ўзидаги барча маълумотларни америкаликларга беради.

Бу ходим Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари ниқобида АҚШда ишлаётган жосус Сергей Третяков эди.

Туғма КГБ ходими

Сергей Третяков 1956 йил 5 октябрда туғилган. Унинг бувиси Любов Ионина узоқ йиллар махсус хизматлар идорасида котиба (машинистка – бу касб эгалари асосан турли матнларни ёзув машинкасида кўчириб ёки кўпайтириб бериш билан шуғулланишган) бўлиб ишлаган.

У 1920 йиллардан ҳали НКВДнинг номи ОГПУ (Объединённое государственное политическое управление – Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси) деб аталиб юрган пайтлардан бошлаб, кейинчалик НКВД иккита алоҳида ташкилот, ИИВ ва КГБга ажратилган пайтларгача ишлаган. Шу сабабли Сергей Третяков туғилган оиланинг аъзолари КГБга «бегона» эмасди.

Сергейнинг отаси Олег Третяков ҳам СССР савдо министрлигида муҳим лавозимларда ишлаган. Жумладан, у СССРнинг бир нечта хорижий давлатларидаги савдо уйларини ҳам бошқаради.

Маълумот учун, СССРнинг хорижий давлатлардаги «савдо уйлари» асосан Ташқи разведка хизмати ва КГБ назоратида бўлиб, у ерда савдо вакили ниқоби остида асосан шу ташкилотлар ходимлари – жосуслар ишлаган.

1970-йиллар ўрталарида Сергей мактабни битириб, Чет тиллар институтига ўқишга киради ва КГБ билан ҳамкорлик қила бошлайди. Унга Халқаро алоқалар институти талабаси Елена Тулисовани бириктириб қўйишади.

Ўша пайтда уни бир неча марта хорижий сафарга чиқаётган талабалар гуруҳи билан бирга чет элларга юборишади. Сергейнинг вазифаси талабаларнинг хориждаги хатти-ҳаракатларини назорат қилиш ва қайтгандан сўнг бу ҳақда КГБга ҳисобот бериш бўлган.