18:35 / 11.11.2021
14974

«40 минг рублдан паст ойликка фуқароларимиз деярли қизиқмаяпти» – Эркин Муҳиддинов

Ўзбекистонда иш ҳақлари миқдори ошгани, пандемияга қарамасдан иш ўринлари яратиш суръати юқорилигича қолаётгани, қолаверса, қурилиш соҳасида улкан ишлар амалга оширилаётгани боис, ўзбек меҳнат муҳожирлари паст ойлик учун Россияга бормаяпти.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида шундай фикр билдирди.

“Иш берувчи келганидан сўнг, иш шароитлари, ойлик маош, иқлими ва бошқа маълумотларни тақдим этмоқда. Ҳаттоки, видеоалоқа орқали шароитлар билан таништириш ҳолатлари ҳам учраяпти. Эртага турли тушунмовчиликлар пайдо бўлмаслиги учун барчаси олдиндан тушунтириляпти.

Бундан ташқари, меҳнат муҳожирининг Россияга бориш учун барча харажатлари иш берувчи томонидан, ёки Россия ҳукумати ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан қоплаб берилмоқда”, - деди Эркин Муҳиддинов.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек меҳнат муҳожирларининг аксарияти барча шарт-шароитлар билан танишгач, Ўзбекистонда ишлашни маъқул кўрмоқда.

“Танловда иштирок этаётганларнинг 30 фоизи танлаб олинаётганини ҳам изоҳлайман. Улар шароитлар билан танишгач, мисол учун, иқлими совуқлиги учун бормаслигини айтмоқда.

Иккинчидан, Ўзбекистонда ҳам иш ҳақи анча ошди. Пандемияга қарамасдан, иш ўрни яратиш суръатлари тушгани йўқ, ортмоқда. Ҳар бир ҳудудда катта бунёдкорлик-қурилиш объектлари бор. Уларда ҳам юқори иш ҳақи тўланмоқда. Бу эса, ташқи меҳнат миграциясига ҳам таъсир қилди.

Ўтган йилларда россиялик иш берувчилар 25-30 минг рубл (350-500 доллар) маош учун олиб кетар эди. Ҳозир бу маош учун олиб кета олмаяпти. 55-60 минг рублгача ойликни оширишган. 40 минг рублдан паст ойликка фуқароларимиз деярли қизиқмаяпти.

Бу шундан далолат берадики, паст даромадга фуқаролар бормаяпти. Хорижга юқори даромадли жойларга бормоқда”, - деди Муҳиддинов.

Унинг айтишича, галдаги вазифа Россияда ишламоқчи бўлган меҳнат муҳожирларининг касбий малакасини баҳолаш бўлиб қолмоқда. Фуқаро маълум бир касб мутахассислиги бўйича Россия сертификатини олса, у юқори маошга даъвогарлик қила олади.

Top